Ногирон фарзандини парваришлаётган оналарга нафақа тўланади

Ногирон фарзандини парваришлаш натижасида пенсия учун етарли иш стажига эга бўлмаган оналарга энди нафақа тўланади.
Ҳукуматнинг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди (229-сон, 18.03.2019 й.). Бу ҳақида “Ҳуқуқий ахборот” канали маълум қилди.
Киритилган қўшимчаларга мувофиқ, эндиликда тегишли иш стажига эга бўлмаган болаликдан ногиронлиги бўлган фарзанди бор оналарга улар 55 ёшга етганларида ижтимоий нафақа тайинланади.
Мазкур нафақа боланинг ногиронлиги тўғрисида Тиббий-маслаҳат комиссиясининг тиббий хулосаси ёки маълумотномаси асосида тайинланади.
Қонунчиликка мувофиқ, I ва II гуруҳ ногиронларга, ёшга доир ёки боқувчисини йўқотганлик нафақаси тайинланган нафақа олувчиларга, агар улар ҳақ тўланадиган ишни бажариши ёки даромаднинг бошқа манбаига эга бўлиши муносабати билан нафақа тўлаш тўхтатилар эди.
Қарор билан мазкур тартиб бекор қилинди, яъни нафақа олувчи бошқа даромад келтирадиган иш билан шуғулланиши ёки шуғулланмаслигидан қатъий назар нафақа тўлаш давом эттирилади.

 

ЎзА