Бугун Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Туркия Республикасининг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси этиб тайинланган Меҳмет Сурейя Эрни қабул қилди.
Ишонч ёрлиғлари нусхаларини қабул қилар экан, Абдулазиз Комилов элчини тайинлов билан самимий қутлади ва фаолиятига муваффақиятлар тилади.
Меҳмет Сурейя Эр қутлов учун миннатдорчилик билдирди ва мамлакатларимиз ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш ва ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшиш учун бундан аввалги фаолияти, жумладан, Туркия ҳамкорлик ва мувофиқлаштириш агентлиги (ТIKA) президенти ўринбосари лавозимидаги барча тажрибасидан фойдаланишини таъкидлади.
Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати хабарида қайд этилишича, музокараларда кўп қиррали икки томонлама ҳамкорликнинг долзарб масалалари муҳокама қилинди.
Учрашувда Туркия Президенти Режеп Таййип Эрдўғонни юртимизга ташрифи ва мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёев билан бўлиб ўтган самарали музокаралари давлатлараро муносабатларда янги саҳифа очгани таъкидланди.
Маълумотларига кўра, 2018 йилда икки мамлакат ўртасидаги савдо айланмаси ҳажми 40 фоизга ўсиб, 2 миллиард 172 миллион АҚШ долларини ташкил этган. Хусусан, 2018 йил натижаларига кўра, 75 мингга яқин Туркия фуқаролари юртимизга ташриф буюрган. Бу эса 2017 йилга нисбат икки баробар кўп демакдир.
Бу каби ижобий ўзгаришлар икки давлат ҳамкорлик муносабатларининг қатор соҳаларида ўз ифодасини кўрсатмоқда.
Шунингдек, учрашувда 2019 йилдаги қўшма тадбирлар режаси ва кун тартибидаги мавзулар юзасидан муҳокамалар бўлиб ўтди. Қўшма тадбирлар орасида икки давлат раҳбарлари раислигида Стратегик ҳамкорлик бўйича Олий кенгашининг биринчи мажлиси асосий тадбирлардан ҳисобланади. Шу нуқтайи назардан, 2019 йилда Ўзбекистон – Туркия сиёсий мулоқотининг асосий воқеасига тайёргарлик кўриш бўйича таклифлар кўриб чиқилди.
Зуҳра Мирзабоева, ЎзА