9 декабрь куни машҳур саёҳатчи ва блогер, дунё таомлари шинавандаси «Sonny Side» ўзининг Youtubeдаги саҳифасида Ўзбекистоннинг тоғли ҳудудларида пишириладиган таомлар ҳақидаги видеони жойлаштирди.
Ушбу блогернинг саёҳати Ўзбекистон Республикаси туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси кўмагида амалга оширилган бўлиб, сайёҳга қўмита вакили Беҳрўз Ҳамзаев ҳамроҳлик қилган.
Ўзбекистоннинг тоғли ҳудудларида пишириладиган таомлар ҳақидаги бу видео кўпчиликда қизиқиш уйғотди ва бир кунда уни 90 мингдан ортиқ киши кўриб, 800 га яқин хорижликлар изоҳ қолдирди.
Жумладан, «Yujiro» исмли фойдаланувчи, бу мамлакатни ўзи саёҳат қилиши зарур бўлган жойлар рўйхатига киритганини, ва албатта, Ўзбекистонга келиш истаги уйғонганини билдирган. «Casually» тахаллуси билан кирган фойдаланувчи эса,Ўзбекистон ҳақида аввал эшитмагани ва бу тасвирлар орқали юрт вакиллари жуда меҳмондўст эканига гувоҳ бўлганини ёзган. “Видеода ажойиб таомлар ва такрорланмас маданиятга эга Ўзбекистоннинг қирраларини очиб берилгани жуда яхши бўлибди”, дейди «Lord Antony». Яна бир мухлис эса “бу видеони кўриб оиламни албатта янги йилда Ўзбекистонга боришга кўндиришга тушдим” деб фикр қолдирган. Бу каби илиқ муносабат видео остидаги изоҳларда анчагина. Дунё бўйлаб 1 ярим миллионга яқин потенциал сайёҳлар ўқийдиган ушбу саҳифада Ўзбекистон ҳақида маълумотлар чиқиши, албатта самара бериши аниқ.
Ушбу видеода асосан гўштли таомлар бўлгани айрим кишиларда бироз мунозарали фикрларни ҳам уйғотган. Балки, келгуси сафар гиёҳлар-у баҳор кўкатларидан сомсалар, хонимлар-у кўк чучвараларни татиб кўришга, сумалак мавсумига ёки қовоқ айни пишган вақтда қовоқ манти-ю печакхўрликка ҳам айни шу ижодкорни яна таклиф қилиш керакдир. Чунки, хорижда тобора вегетарианлар сони ортиб боряпти ва келгусида улар ҳам Ўзбекистонга келадиган бўлишса “оч қолмаслик”ларини билишлари фойдадан ҳоли бўлмайди.
Умуман олганда лойиҳада иштирок этган меҳмондорнинг самимийлиги ҳам видеони муваффақиятли чиқишига туртки берган, айни шундай самимий, дунёқараши кенг гидлар сонини кўпайтириш ва фақат ривоятлар-у, китоблардан ёдлаб олинган қуруқ тарих эмас, кундалик ҳаёт, ҳамма учун қизиқ мавзуларда сўзлай оладиган, ҳазил мутойибага уста ва оддий оилаларга кириб бора оладиган профессионал гидлар сонини ошириш керак. Чунки, сайёҳлар сонининг кўпайиши, албатта маҳоратли гид-таржимонларга бўлган эҳтиёжни ҳам оширади.
Н. Тошпўлатова, ЎзА