Пойтахтимиздаги “Ўзкўргазмасавдо“ мажмуасида “Куз неъматлари – 2018” мева-сабзавот ярмаркаси ўтказилмоқда.
Тошкент шаҳар ҳокимлиги, Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси, Ўзбекистон тадбиркорлик ва фермерликни қўллаб-қувватлаш маркази, “Ўзбекозиқовқатхолдинг” холдинг компанияси, “Ўзагроэкспорт” акциядорлик жамияти томонидан ташкил этилган мазкур ярмаркада Япония, Украина, Россия, Болгария, Туркия ва Қирғизистон каби 14 давлатдан қайта ишлаш ва савдо компаниялари, савдо-саноат палаталари, қишлоқ хўжалиги йўналишидаги вазирлик ва идоралар вакиллари қатнашмоқда.
Кўргазма очилишида мамлакатимизда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш, етиштирилган ҳосилни сақлаш инфратузилмасини ривожлантириш борасида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар халқимиз фаровонлигини юксалтиришда муҳим омил бўлаётгани таъкидланди.
Ярмаркада ҳўл ва қуруқ мевалар, сабзавотлар, полиз экинлари, дуккакли ўсимликлар, ёнғоқ, зираворлар, ичимликлар, транспорт ва логистикага оид кўплаб бўлимлар фаолият юритмоқда. Мамлакатимизнинг барча вилоятларидан келган 100 га яқин фермер, деҳқон хўжаликлари, мева-сабзавот маҳсулотлари етиштириш, қайта ишлаш, экспорт қилишга ихтисослашган компания вакиллари ўз экспозицияларида кўплаб турдаги мева-сабзавот маҳсулотлари ҳамда хизматларини намойиш қилмоқда. Барча ҳудудларнинг мева-сабзавотчилик соҳасига оид тақдимотлари бўлиб ўтмоқда.
Аграр соҳа бўйича фаолият кўрсатаётган чет эллик инвестор ва шериклар учун мамлакатимизда қатор солиқ ва божхона имтиёзлари яратилиши тадбиркорларимиз билан ҳамкорликни кенгайтирмоқда.
– Мамлакатингизда фермерлик ва тадбиркорлик ҳаракати ҳар томонлама қўллаб-қувватланаётгани, интенсив агротехнологиялар, инновацион ишланмалар амалиётга изчил татбиқ этилаётгани туфайли маҳсулот етиштириш ҳажми тобора ортмоқда, – дейди уруғлик картошка етиштиришга ихтисослашган ширкат раҳбари, қирғизистонлик Женгишбек Жолдубаев. – Ярмаркада турли эртапишар картошка навлари билан қатнашмоқдамиз. Маҳсулотимизга қизиқиш катта бўлмоқда. Бугуннинг ўзида Жиззах вилояти тадбиркорлари билан шартномалар имзолашга келишиб олдик.
Кўргазма 23 ноябрга қадар давом этади.