Пойтахтимизда 20 ноябрь куни Европа тикланиш ва тараққиёт банки билан ҳамкорлик доирасида “Пул ва капитал бозорини ривожлантириш орқали Ўзбекистонда иқтисодий ўсишни рағбатлантириш” мавзусида халқаро конференция бўлиб ўтди.
Ўзбекистон қимматли қоғозлар бозорини мувофиқлаштириш ва ривожлантириш маркази, Европа тикланиш ва тараққиёт банки ҳамда Жанубий кореялик ҳамкорлар кўмагида ташкил этилган конференцияда мамлакатимизда фаолият юритаётган молия институтлари, банк тизими, суғурта компаниялари, халқаро экспертлар, кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Жорий йилнинг август ойида Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Марказий банк, Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси ҳамда Европа тикланиш ва тараққиёт банки ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланган эди.
Мазкур халқаро конференция ушбу битимни амалиётга татбиқ этиш борасида амалга оширилаётган ишлар муҳокамасига бағишланди.
Конференцияда Ўзбекистон Республикаси Бош вазир ўринбосари, молия вазири Ж.Қўчқоров, Республика фонд биржаси бошқаруви раиси Б.Усмонов, ЕТТБнинг мамлакатимиздаги ваколатхонаси раҳбари А.Дракинос, Қимматли қоғозлар бозорини мувофиқлаштириш ва ривожлантириш маркази бош директори Б.Атаханов, марказнинг халқаро тоифадаги маслаҳатчиси П.Ли, ЕТТБ миллий валюталар ва капитал бозорини ривожлантириш департаменти директори А.Кюсвек ва бошқалар сўзга чиқди.
Қайд этилганидек, ҳозирги кунда мамлакатимиз капитал бозори, банк-молия тизимини ислоҳ қилишда ЕТТБ билан ҳамкорлик ушбу йўналишда олиб борилаётган ислоҳотларни муваффақиятли амалга ошириш имконини беради.
Анжуманда молиявий соҳани ривожлантириш, капитал бозори фаолияти, пул-кредит сиёсатини такомиллаштириш, хорижий молиявий институтлар иштирокидаги инвестиция лойиҳаларини тайёрлаш ва амалиётга жорий этиш, молиявий воситачилик фаолиятини кенгайтиришга доир маърузалар тингланди.
Тадбир доирасида ташкил этилган матбуот анжуманида журналистларни қизиқтирган саволларга жавоб қайтарилди.
Зуҳра Мирзабоева, ЎзА