Наманган вилояти ҳокимлиги ва Индонезия Республикасининг “PT.IMQ MultimediaUtama/Antara Digital Media” компанияси ўртасида туризм соҳасини ривожлантириш дастурини амалга ошириш бўйича ўзаро ҳамкорлик тўғрисида шартнома имзоланди.
Шу муносабат билан вилоят ҳокимлигида бўлиб ўтган учрашувда Индонезиянинг “Opto Screen” компанияси президенти ва Малайзиянинг “SMITA” – халқаро кичик ва ўрта савдо ассоциацияси катта маслаҳатчиси Су Кок Лонг раҳбарлигидаги Малайзия, Индонезия, Хитой Халқ Республикаси, Таиланд давлатларидан инвесторлар делегацияси иштирок этди.
Учрашувда меҳмонлар томонидан Ўзбекистон Республикасининг кейинги йилларда халқаро ҳамкорлик алоқаларини кенгайтириш ва мустаҳкамлашдаги ташаббускорлиги ҳамда унинг самаралари алоҳида эътироф этилди.
– Ўзбекистон Президентининг туризм соҳасини ривожлантиришга қаратаётган алоҳида эътибори таҳсинга лойиқ, – дейди делегация раҳбари Су Кок Лонг. – Зеро, бугунги кунда ривожланган давлатлар иқтисодиётида бу соҳа муҳим ўрин тутмоқда. Ўзбекистон туризм соҳасида ҳали очилмаган катта имкониятларга эга мамлакат ва бу йўналишда ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйиш ҳар икки томон учун ҳам манфаатли бўлади.
Музокаралардан сўнг Наманган вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров ҳамда Индонезиянинг “PT.IMQ Multimedia Utama/Antara Digital Media” компанияси раиси Дармади Момон Дарман шартномани имзолади.
Мазкур ҳужжатда Ўзбекистон ва Индонезия ўртасида ташқи савдо, инвестиция, илмий-техникавий ҳамкорликни йўлга қўйиш ва келгусида кенгайтириб боришнинг муҳим аҳамияти, мамлакатимизда, жумладан, Наманган вилоятида хорижий сармоядорлар учун яратилган қулай инвестицион муҳит, туризм соҳасини ривожлантириш дастурини амалга ошириш бўйича дастлабки вазифалар, шароитлар ўз аксини топди.
Наманган вилояти ва “PT.IMQ Multimedia Utama/Antara Digital Media” компанияси ўртасида туризм соҳасида кенг ахборот алмашинувини йўлга қўйиш, 2019-2020 йилларда вилоятда туризмни ривожлантириш лойиҳасини ишлаб чиқиш, туризм йўналишида қўшма корхона ва хорижий корхоналар ташкил қилиш бўйича томонларнинг аниқ вазифалари, ҳуқуқ ва мажбуриятлари белгилаб олинди.
Акромжон Сатторов, Ҳотам Мамадалиев (сурат), ЎзА