khal_ru_iyati_ozi_langan_nodir_sanat_09_11_2018.jpgХалқнинг ўзлигини англашда асрлар давомида синов ва тажрибадан ўтган қадриятлари, боболардан қолган ўлмас ёзма мерос ҳамда авлоддан авлодга, отадан ўғилга, оғиздан оғизга ўтиб келаётган фольклор асарлари пойдевор вазифасини ўтайди. Шу боис ўзбек халқининг мингйилликлар билан бўйлашадиган теран илдизлари озиқланган бебаҳо қадриятларининг борлиги, айниқса, улар ичида халқ оғзаки ижодининг бахшичилик ва достончилик сингари тенгсиз санъатнинг мавжудлиги миллат маънавиятининг ўқ томири, битмас-туганмас ноёб манбаидир.
Бу ноёб санъат кишиликка олам ва одамга боғлиқ ҳодисалар моҳиятини англаш, юртга садоқат, элсеварлик туйғуларини шакллантириш, инсоннинг ҳаётда яшашдан мақсади, меҳру оқибат, одамийлик моҳияти ҳақида жиддий ўйлаш имкониятини беради.
Она сайёрамизда кечаётган бугунги глобаллашув билан боғлиқ жараёнлар бахшичилик ва достончилик санъатининг миллат маънавий қиёфасини сақлашдаги ўрни ва қадри ортиб бораётганидан далолат бермоқда. Айниқса, Президентимизнинг 2018 йил 1 ноябрдаги “Халқаро бахшичилик санъати фестивалини ўтказиш тўғрисида”ги қарори мамлакатимиз маънавий-маърифий ҳаётида муҳим воқелик бўлди.
Давлатимиз раҳбарининг ушбу қарори билан ҳар икки йилда бир марта Халқаро бахшичилик санъати фестивали ўтказилиши ҳамда ушбу фестиваль Алпомишу Барчинойлар юрти – Термиз шаҳрида ўтиши белгилаб қўйилди. Халқаро бахшичилик санъати фестивалининг биринчиси 2019 йил кўкламининг бутун таровати барқ уриб турган 5-10 апрель кунлари бўлиб ўтади. Фестивалга чет эллик таниқли фольклоршунослар, бахшию шоирлар, оқину жировлар, ижодий жамоалар, оммавий ахборот воситалари вакиллари ва фахрий меҳмонларни чорлаш кўзда тутилган. Бу эса фестиваль нуфузининг ошишига хизмат қилади.
Мамлакатимизда фольклор фестивали ўтказилишига қаратилган ушбу муҳим қарор келажакда қуйидаги вазифаларни ҳам ҳал этишга ёрдам беради.
Жумладан, мингйилликлар қаъридан отилиб чиққан ҳикматлар билан йўғрилган халқ достонларининг ҳар бир байти, мисраси қадим боболаримизнинг ахлоқий ва руҳий тарбиясида қанчалик улкан аҳамият касб этган бўлса, бугун ҳам замондошларимиз, айниқса, ёшларимиз тарбияси учун шунчалик камарбаста бўлади. Фольклор дурдоналари – достон ва эпосларда мужассам бўлган Ватанга муҳаббат, элу юрт ҳимояси, ёрга садоқат, халқлар дўстлиги, бағрикенглик, илму урфонга интилиш, сўзга чечанлик сингари ғоялар фарзандларимиз кўнглига сингиб боради.
Кейинги йилларда эътибордан бир оз четда қолган бахшичилик санъати қайта тикланишига, бахшичилик мактабларидаги устоз ва шогирдлик анъанаси давом этишига замин ҳозирлайди. Бу эса ўзбек миллий бахшичилик ва достончилик санъатининг нодир намуналарини асраб-авайлаш ва ривожлантириш ҳамда кейинги авлодларга етказишга хизмат қилади.
Ўзбек халқ оғзаки ижоди намуналарини илмий татбиқ қилиш, янги нашрларини чоп этиш, халқимизнинг эзгу орзу-умидлари куйланган достон ва эпослардаги қаҳрамонлар тимсоли акс этган фильмлар яратилишига кенг йўл очилади. Шу билан бирга, юртимизга сайёҳлар оқими ортишига, демакки, туризмнинг ривожланишига йўл очилади.
Умуман, юртимизда кечаётган туб ўзгаришлар, маънавий-мафкуравий тикланишлар даврида ушбу муҳим ҳужжатнинг қабул қилиниши халқимиз, илмий жамоатчилик, маданият соҳасида фаолият юритувчи мутахассислар кўнглидаги иш бўлди. Келгусида бу қарор қабул қилинган сана “Ўзбек миллий бахшичилик санъати” куни сифатида тарих саҳифаларидан жой олишини чексиз ғурур ва ишонч билан айта оламиз.
Қудратулла Омонов,
Тошкент давлат шарқшунослик
институти ўқитувчиси,
филология фанлари доктори.​

 

ЎзА