Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Умумий ва ноорганик кимё институти олимлари Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институти билан ҳамкорликда Қорақалпоғистоннинг чўл ҳудудларини кўкаламзорлаштириш бўйича янги лойиҳа устида иш бошлади. Бу ҳақда ЎзА мухбири Есимхон Қаноатов хабар бермоқда.
– Тажриба тариқасида Қораўзак туманида 1 гектар ерга Эльдар ва Қрим қарағайлари кўчатлари ўтқазилди, – дейди лойиҳа раҳбари, ЎзФА Умумий ва ноорганик кимё институти докторанти, кимё фанлари номзоди Олим Асаматдинов. – Мазкур ўсимлик қурғоқчилик ва совуққа чидамли. 100 йилдан 600 йилгача умр кўради. Қарағай жуда тез ўсади, тупроқ танламайди. Унинг учун энг маъқул тупроқ – бу қумли тупроқдир. Қорақалпоғистон заминининг суви камлигини ҳисобга олиб, ушбу кўчатларни ўтқазишда ЎзФА Умумий ва ноорганик кимё институти сирт-фаол моддалар лабораториясида ихтиро қилинган намликни ушлаб турувчи гидрогеллардан фойдаланилди. Шаҳарлар атрофида, темир йўл ва автомобиль магистраллари бўйлаб қарағайзор ўрмонлар барпо этиш кўплаб ижтимоий-иқтисодий ва экологик муаммоларга ечим бўла олади. Чанг-тўзон кўтарилишини бартараф қилади, қум кўчишининг олдини олади, янги ўтлоқлар пайдо қилади ва ҳоказо.
Қарағайнинг ўзига хос шифобахш хусусияти ҳам бор. Унинг япроғи бактерияларни йўқ қиладиган учувчан моддалар – фитонцидларга бой. Фитонцидлар ҳавони зарарли микроблардан тозалайди. Айнан шунинг учун даволаш-соғломлаштириш ва болалар дам олиш оромгоҳларида қарағай экилади.
Халқ табобатида кўпчилик оғир касалликлар, жумладан, кислород етишмовчилиги, остеохондроз, юрак-қон томир ва асаб тизими касалликлари, простата аденомаси ва бошқа хасталикларни қарағай куртаги ва япроғини қўллаган ҳолда даволашнинг қатор усуллари мавжуд. Қарағайдаги фойдали моддаларнинг энг катта концентрацияси унинг 2-3 ёшдаги игна баргларида ҳамда ҳали гулламаган куртакларида бўлади.
Президентимизнинг 2018 йил 14 февралдаги «Фармацевтика тармоғини жадал ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорида белгиланган доривор ўсимликлар плантацияларини ташкил қилиш дастурига кўра, мазкур қарағайзор ўрмонлар 2-3 йил ўтгандан кейин маҳаллий фармацевтика учун дори воситалари ишлаб чиқаришда хомашё сифатида хизмат қилиши мумкин.
Кейинги 3-10 йил ичида ушбу ҳудудда қарағай игналари тушиши натижасида тупроқнинг қайта тикланиш жараёни бошланади. Бу эса ҳайвонот учун озиқ-овқат сифатида хизмат қиладиган ягона ва кўп йиллик ўтлар ўсиши учун шароит яратади. Шунингдек, қарағайзорда реза мева буталарини ўстириш мумкин, бу эса, ўз навбатида, озиқ-овқат захирасини яхшилашга хизмат қилади.
Олимнинг инновацион ғоясини юзага чиқаришда Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институти ҳамкорлик қилмоқда. Ушбу институт кўмаги билан Қораўзак туманидан тажриба ер майдони ажратилди.
– Президентимиз Туркманистоннинг Туркманбоши шаҳрида бўлиб ўтган Оролни қутқариш халқаро жамғармаси таъсисчи давлатлар раҳбарлари мажлисида Оролбўйи ҳудудини Экологик инновация ва технологиялар зонаси, деб эълон қилиш масаласини кўриб чиқиш таклифини илгари сурган эди, – дейди Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институти ректори Байрамбай Отемуратов. – Олимнинг бу тадқиқоти давлатимиз раҳбари билдирган ғояга ҳамоҳангдир. Биз ушбу лойиҳада иштирок этаётганимиздан мамнунмиз.