Юртимизда нон нархининг ўзгариши туфайли кам таъминланган, ногиронлиги бўлган, боқувчисини йўқотган, икки ёшгача бола парваришидаги нафақа олувчи, моддий ёрдам олувчи эҳтиёжманд фуқароларга энг кам иш ҳақининг 10 фоизи миқдорида компенсация пули (ҳозирги кунда 18 минг 430 сўм) давлат бюджетидан тўлаб бериш йўлга қўйилди.
Ана шундай пулдан умидвор бўлган Олмазор тумани «Гулзор» маҳалласида яшовчи эшитиш ва гапиришида нуқсони бўлган бир гуруҳ фуқаролар маълумотнома тўғриламоқчи бўлиб, маҳалла оқсоқолидан йўл-йўриқ сўраган. Улар маълумотнома бериш ваколатига кирмаслигини айтиб, уларни давлат хизматлари агентлигига юборади.
У ерда эса бундай маълумотни олиш учун 46 минг сўм тўлаш кераклиги бу фуқароларни ажаблантиради. 18 минг сўм олиш учун 46 минг тўлаш қайси мантиққа сиғади?
Бизга қилинган мазкур мурожаатни холис ўрганиш мақсадида Олмазор тумани давлат хизматлари агентлигига бориб, хизматлар нархини ўргандик, мутахассислар билан суҳбатлашдик.
Бекор бўлиб кетган маълумотномаларни
сўраш қачон тўхтайди?..
– Ишонмаслигингиз мумкин, лекин ҳар куни бир нечта фуқаро келиб жанжал қилади, – дейди бош мутахассис Миродил Обидов. – Бизда хизматлар пулли. Ташкилотлар эса билиб-билмай бизга юборади. Мисол учун, мактабдан шу ерда яшайдиган деган маълумотнома сўраб келишади. Аслида биз ҳам маълумотнома берамиз, лекин у бошқароқ. Масалан, қачонки, паспорт йўқолса, уни тиклаш учун паспорт столига шу фуқаро ҳақиқатдан ҳам кўрсатилган жойда турганми-йўқми шуни тасдиқлаш керак бўлади. Бу каби давлат хизмати кўрсатганимиз учун энг кам ойлик иш ҳақининг 10 фоизи миқдорида йиғим ундирамиз. Мисол учун, ариза берувчилар электрон рақамли имзо олиш ва унга 12.901 сўм тўлаш керак. Манзил маълумот учун эса 18.400 сўм тўланади. Лекин 46 минг сўм деган гап нотўғри.
Маҳалла маълумотнома бермайди. Улар нотўғри талқин қилиб, халқни овора қилмоқда. Ахир жорий йилнинг 3 октябрида қабул қилинган Вазирлар Маҳкамасининг қарорида 15 октябрдан давлат ва хўжалик органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан давлат хизматлари кўрсатишда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг бир қатор тасдиқловчи ҳужжатларини тақдим қилиш бўйича тартиби бекор қилинган эди. Шахснинг яшаш жойи бўйича яшаётгани, ишсизлиги, болани, ёлғиз шахсларни, пенсионерларни ва ногиронларни парвариш қилганлик ҳақидаги шулар сирасидандир.
Эшитиш ва гапиришида нуқсони бўлган бир гуруҳ фуқаролар
“справка” олиш билан овора…
Агентлик ходимларининг жавобларидан кўнгли у қадар тўлмаган шикоятчилар билан Олмазор тумани бюджетдан ташқари пенсия жамғармасига кириб бордик. Шу ўринда қайд этиш керакки, бу вақтга келиб, воқеалар бироз ойдинлашгандай бўлди. Бироқ, компенсация пули олиш учун маълумотнома нега керак? Пенсия бераётган ташкилот уни автоматик тарзда қўшиб юборади-ку, деган фикримизга шикоятчилар “инспекторимиз агар яшаш жойингдан маълумотнома тўғрилаб келсангиз, сизга ана шу пулни олиб бераман”, деганди деб туриб олишди.
Олмазор тумани бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси директор ўринбосари Марат Эсирбоев тумандаги 9 минг 500 нафардан кўпроқ одамга 1 октябрдан “нон пули” автоматик тарзда ўтказиб берилгани, бунинг учун ҳеч қандай маълумотнома керак бўлмаганини алоҳида қайд этди.
Унда инспектор нима учун шунча инсонни овора қилиб, бекор бўлиб кетган маълумотнома сўраб, умидлантиради. Бу инсонлар қанча ҳужжат тайёрлаб, сарсон бўлиб юрибди-ку, деган сўзларимизга жавобан шикоятчиларнинг паспортларини сўради. Базадан уларнинг пенсияси қанчалиги ва “нон пули” берилган ёки берилмаганини текшириб кўриш учун…
– Мана Набиева Холида болаликдан ногирон бўлгани учун 18 минг сўмдан кўпроқ сўмма автоматик тарзда пенсиясига қўшиб берилган, – дейди М. Эсирбоев. – “Нон пули” ҳаммага ҳам берилмайди. У 360 минг сўмдан кам нафақа олувчиларга берилади. Яъни иш стажи бўлмаган, болаликдан ногирон бўлган шахслар бундай имтиёзга эга. Тўғри, ораларингизда 360-365 минг сўм пенсия оладиганлар бор экан. Бироқ сизлар иккинчи гуруҳ ногирони бўлсаларингиз-да, иш стажи билан пенсияга чиққанингиз учун бу пулдан фойдалана олмайсиз.
Хуллас, бир-бирини тушунмаган ёки ўз ишига лоқайд инсонларни деб, эшитиш ва сўзлашда нуқсони бўлган ўнлаб ногиронлар овора-ю сарсон бўлди. Беҳуда юмушлар учун олтиндан қиммат вақтини йўқотди.
Ўлим ҳақида гувоҳнома олиб келди,
энди унга ҳақиқатан ҳам шу манзилда яшагани ҳақида
маълумотнома олиб келиш сўралди…
Биз билан бирга пенсия жамғармасига келган давлат хизматлари агентлиги вакиллари кераксиз маълумотномаларни деб фуқароларни сарсон қилишга чек қўйиш вақти келганини қайд этди.
– Яқинда бир аёл онаси 29 сентябрь куни оламдан ўтгани ҳақидаги гувоҳномани олиб келибди, – дейди улардан бири. – «Ўлгунига қадар мазкур тумандаги тегишли манзилда яшагани ҳақида маълумотнома керак, сизлар берасизларми?» деб сўради. Бу аёл онасининг ўлимидан кейин берилиши керак бўлган икки ойлик нафақани олиш учун бундай қоғоз керак эканини айтди. Бу қанақаси қўлидаги ўлим гувоҳномасини ўзи етарли-ку. Биз бундай маълумотнома бермаслигимиз, хизматларимиз пулли экани ҳақида айтсак, эшитмайди, асабийлашади. Шунга ўхшаган воқеалар кўп.
Тавба, бу каби сансалорликлар қачонга қадар давом этар экан-а?..
Сайёра Шоева, ЎзА