Ўзбекистондаги илк Халқаро робототехника мусобақаси бўлиб ўтди.
Ўзбекстонда илк бор Ўзбекистон Республикаси инновацион ривожланиш вазирлиги, Инновацион ишланмаларни жорий этиш илмий-амалий маркази ва Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи томонидан “InnoWeek” инновацион ғоялар ҳафталиги доирасида Халқаро робототехника мусобақаси (International Robotics Challenge) бўлиб ўтди. Бу ҳақда Инновацион ривожланиш вазирлиги матбуот хизмати хабар қилди.
Унда 6 мамлакатдан ташриф буюрган 24 та хорижий жамоа ва 40 та маҳаллий жамоа, жами 200 га яқин иштирокчиси ўзаро беллашди.
Мусобақада қатнашиш учун аризалар шу йилнинг 25 сентябридан 10 октябригача www.innoweek.uz сайти орқали онлайн қабул қилинди. 15 кун давомида келиб тушган 200 дан ортиқ онлайн ариза орасидан Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Афғонистон, АҚШ ва Россиядан иштирок этиш истагини билдирган 70 нафар ёш ва мутахассис саралаб олинди. Бундан ташқари, Ўзбекистон шаънини “Robokidz” робототехника мактаби, Artel техника мактаби, Polito School NTM, TIE School NTM, ҳамда Турин политехника университетидан 30 га яқин жамоа ҳимоя қилишди.
Халқаро робототехника мусобақасида 9 ёшдан 16 ёшгача ва 16 ёшдан 25 ёшгача бўлган ёш гуруҳлари орасида 6 та категориялар бўйича беллашувлар олиб борилди.
Бутун дунёда машҳур бўлган Сумо мусобақаларидан ташқари, иккала ёш гуруҳида маҳаллий конструкторлардан ясаладиган роботлар орасида ҳам беллашувлар олиб борилди. 16 ёшгача бўлган иштирокчилар «IntTech» корхонаси томонидан ишлаб чиқилган «JuniorE» конструкторларида беллашган бўлсалар, катта ёшдаги иштирокчилар Автосаноат инновация маркази томонидан ишлаб чиқарилаётган «Technobot» конструкторларида ўз маҳоратларини синаб кўрадилар. Мусобақада умумжамоа ҳисобида Ўзбекистон жамоаси ғалаба қозонди.
Мусобақа доирасида 25 октябрь куни Ёшлар пресс-клубида чет эллик робототехника экспертлари иштирокида пресс-брифинг ўтказилди. Бундан ташқари, Қозоғистон робототехника федерацияси ҳамда Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги инновацион ишланмаларни жорий этиш илмий-амалий маркази ўртасида робототехника соҳасини ривожлантиришда икки давлат ўртасида ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйиш мақсадида Англашув меморандуми имзоланди.
Барча йўналишлар ғолиблари 26 октябрь “InnoWeek” ҳафталигининг ёпилиш маросими доирасида Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.