Фракция аъзолари ҳозирда қайси қонун лойиҳалари устида ишламоқда?

Парламент қуйи палатасидаги Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракцияси шу йилнинг ўтган даври мобайнида амалга оширган ишлари сарҳисобига бағишлаб матбуот анжумани ўтказди.
Унда фракцияси томонидан амалга оширилаётган ишлар, йўл қўйилган камчиликлар юзасидан ахборот берилди.
Ҳисобот даврида 32 марта фракциянинг кенгайтирилган йиғилиши ўтказилиб, уларда партия электорати манфаатлари ифода этилган. Шунингдек, 117 қонун лойиҳаси биринчи ва кейинги ўқишларда кўриб чиқилган. Мазкур қонун лойиҳалари бўйича фракция аъзолари томонидан партия дастурий мақсад ва ғоялари акс этган 300 дан ортиқ таклифлар ишлаб чиқилиб, масъул қўмиталарга тақдим этилди. Эътиборлиси, билдирилган таклифларининг 200 га яқини инобатга олинди.
Матбуот анжуманида қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи асосида Қонунчилик палатаси депутатлари томонидан киритилган 19 қонун лойиҳасининг 10 тасининг ишлаб чиқилишида фракция аъзолари бевосита иштирок этгани қайд этилди.
Айни пайтда, фракция аъзолари “Иссиқлик таъминоти тўғрисида”ги, “Аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш тўғрисида”ги, “Давлат минимал ижтимоий стандартлари тўғрисида”ги қонун лойиҳалари устида иш олиб бормоқда.
Анжуманда фракциянинг назорат-таҳлил фаолиятига алоҳида тўхталиб ўтилди. Таъкидланганидек, ўтган давр мобайнида фракция Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси билан ҳамкорликда Меҳрибонлик уйлари тарбияланувчиларининг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, етим болаларнинг яшаш, таълим олиш ҳуқуқларини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар юзасидан Ўзбекистон Республикаси халқ таълими вазири биринчи ўринбосарининг ахборотини эшитди. Эшитув якунида соҳага оид қонунчиликни такомиллаштириш юзасидан тавсиялар ишлаб чиқилди.
Депутатлар уйма-уй юриб, ижтимоий ҳимояга муҳтож, ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлашга қаратилган Президентимизнинг фармон ва қарорлари ижроси юзасидан назорат таҳлил ишларини олиб борди. Ўрганишлар мобайнида 150 нафарга яқин аҳоли ишга жойлаштирилди, 100 нафардан зиёд фуқароларнинг тиббий ва тиббий-ижтимоий хизматдан фойдаланиш ҳуқуқи таъминланди. Бундан ташқари, 500 га яқин хонадонга суюлтирилган газ баллонлари, 48 савдо ва маиший хизмат кўрсатиш объектига банк терминаллари етказиб берилди.
Аҳоли билан мулоқотлар, қонун лойиҳаларини ишлаб чиқиш, унинг нормаларида инсон манфаатлари устувор қилиб белгиланишида қўл келмоқда. Ўрганишлари натижасида партия электорати манфаатларига қаратилган 3 янги қонун лойиҳаси, 5 қонунга ўзгартиришлар киритишда фракциянинг таклифлари ишлаб чиқилди.
Аҳолини боқимандалик кайфиятидан чиқариш мақсадида шу йилнинг ўзида фракция аъзолари ҳамда партиянинг маҳаллий кенгашлардаги депутатлик бирлашмалари 2 мингга яқин кам таъминланган фуқароларнинг хонадонларига ташриф буюриб, муаммоларини ўрганди. 500 нафарга яқин кам таъминланган оила вакилларига ўз фаолиятини йўлга қўйиши учун имтиёзли кредитлар олишга амалий ёрдам кўрсатилди.
Ўтган даврда фракция депутатлари фуқаролар мурожаатлари билан ишлашга масъулият билан ёндашди. Пировардида, фуқаролар томонидан келиб тушган 194 ёзма мурожаатнинг 150 таси ижобий ҳал этилди. Қолган мурожаатлар ҳам атрофлича ўрганиб чиқилиб, тегишли тавсиялар, ҳуқуқий маслаҳатлар берилди.

 

Нурилло Насриев, ЎзА