Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин давлат ташрифи билан мамлакатимизга келди.
Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида олий мартабали меҳмонни давлатимиз раҳбари кутиб олди. Президентлар шу ерда қисқа суҳбат ўтказди.
Ташрифнинг асосий тадбирлари 19 октябрга белгиланган.
Шавкат Мирзиёев ва Владимир Путин стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада мустаҳкамлаш, ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтириш, турли соҳаларда янги қўшма лойиҳа ва дастурларни амалга ошириш истиқболларини муҳокама қилади, халқаро ва минтақавий аҳамиятга молик масалалар юзасидан фикр алмашади.
Ташриф якунида давлат раҳбарларининг Қўшма баёноти қабул қилиниши, йигирмага яқин ҳужжат имзоланиши режалаштирилган. Шунингдек, Ўзбекистон ва Россия ҳудудлари ҳамда ишбилармон доиралари ўртасида йирик инвестиция ва савдо шартномалари имзоланиши кўзда тутилган.