“INNOWEEK” инновацион ғоялар ҳафталиги ташкил этилмоқда

Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги жорий йилнинг 22–26 октябрь кунлари миллий кўргазмалар комплекси “UzEkspoMarkaz”да чет эл илмий-инновацион марказлари, инвестицион жамғармалари, технологик агентликлари, технопарклари ва бизнес инкубаторларининг фаол иштирокида “INNOWEEK” инновацион ғоялар ҳафталигини ташкил этмоқда.
Вазирлик матбуот хизматидан маълум қилишларича, тадбирда Австрия, Буюк Британия, Голландия, Италия, Исроил, Россия, Туркия, Эстония, Эрон, Қозоғистон, АҚШ каби давлатлардан йирик олимлар, тадбиркорлар, компания бошқарувчилари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этадилар.
“INNOWEEK” инновацион ғоялар ҳафталигининг асосий мақсадларидан бири давлат органлари, эркин иқтисодий ва кичик тадбиркорлик субъектлари, технопарк ва хусусий тадбиркорлик муассасалари, шунингдек,реал иқтисодиёт секторлари билан илмий академик ва саноат илмий тадқиқотчилик муассасалари ўртасидаги ҳамкорликни чет элнинг етакчи жамғармалари, инновацион марказлари ва бошқа ташкилотлари иштирокида мустаҳкамлашдир.
Инновацион ҳафталик доирасида Халқаро инновацион кўргазма ҳамда Халқаро инновациялар ва инвестициялар форуми ўтказилади. Халқаро инновацион кўргазма маҳаллий ва хорижий инновацион ва илмий марказларнинг, инвестиция жамғармалари, технология агентликлари, технопарклар ва бизнес инкубаторлар фаол иштирокида бўлиб ўтади.
Бу йилги кўргазма аввалгиларидан фарқ қилади, -дейди Инновацон ривожланиш вазирлиги бошқарма бошлиғи ўринбосари Ҳожиакбар Каримов.– “Чунки, бу сафар асосий эътибор ишлаб чиқаришда самарадор ва фойдали бўлган ғояларга қаратилади. Жумладан, 50 дан ортиқ янги ишланма намойиш этилади. Электромобиллар, робототехника ва учувчисиз қурилмалардан тортиб, қишлоқ хўжалиги, иқтисодиёт тармоқлари ва саноатнинг турли йўналишларидаги янги технологиялар ва дастурларни кўриш мумкин бўлади. Олдин кўпроқ маҳаллий олимларнинг маҳсулотлари намойиш этилган бўлса, бу сафар маҳаллий ва хорижий компанияларнинг янгиликлари ҳам кўргазма павильонларида намойиш этилади. Шу билан бир қаторда илмий тадқиқот муассасаларининг инновацион ғояларини тижоратлаштириш бўйича музокаралар ўтказилиши ҳам назарда тутилган.Ҳафталик доирасидаги робототехника танлови айниқса ёшларда катта қизиқиш уйғотмоқда. Унга Ўзбекистон ва хориждан 50 га яқин иштирокчи қатнашиши кутиляпти. Умуман олганда халқаро инновацион ғоялар ҳафталиги Ўзбекистоннинг халқаро инвесторлари бозорига чиқиш учун ноёб имконият бўлиб хизмат қилади”.

 

ЎзА