Казуо Инада “Ўзбекнефтгаз”га ҳамкор бўлмоқчи

Япониянинг “Mitsubishi” корпорацияси томонидан ишлаб чиқарилган ускуна ва жиҳозлар юқори сифат ва қулайлиги билан ажралиб туради. “Шўртангазкимё” мажмуаси масъулияти чекланган жамиятида корпорация компрессор ускуналари қарийб йигирма йилдан буён муваффақият билан фойдаланиб келинаётган бунга яққол мисолдир.

“Ўзбекнефтгаз” акциядорлик жамияти бошқарув раиси вазифасини бажарувчи Баҳром Ашрафхонов “Mitsubishi” корпорацияси бош вице-президенти, компаниянинг минтақавий ижрочи директори ўринбосари Казуо Инада билан учрашув чоғида GTL лойиҳаси доирасида компрессор ускуналарини етказиб бериш масаласига тўхталиб ўтди.

Учрашувда япониялик ҳамкорларни “Boston Consulting Group” компанияси билан биргаликда 2030 йилгача нефть ва газ саноатини ривожлантириш концепциясини ишлаб чиқиш бўйича амалга оширилаётган ишлар билан таништирилди. Бундан мақсад эса табиий газни чуқур қайта ишлаш бўйича инвестицион лойиҳаларни амалиётга татбиқ этишдир.

Казуо Инада “Ўзбекнефтгаз” акциядорлик жамиятининг бу каби лойиҳаларида иштирок этишга қизиқиш билдирар экан, бундай эзгу ишлар учун Япония халқаро ҳамкорлик банки (JBIC) ва Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги (JICA) маблағларини жалб қилиш имкониятлари бўйича маълумот берди.

Якунда нефть ва газ соҳасидаги ҳамкорликка оид аниқ таклифларни ишлаб чиқиш бўйича биргаликдаги ишчи гуруҳ тузиш тўғрисида келишиб олинди.

photo5284997691006364078.jpg

 

Насиба Зиёдуллаева, ЎзА