Марказий банк томонидан банк-молия мавзусини ёритадиган журналистлар учун ўқув-семинарлар ташкил этилмоқда. Миллий матбуот марказида ўтказилган навбатдаги шундай тадбир кредит ва унинг турлари, лойиҳаларни молиялаштириш жараёнлари, фоиз ставкалари ва ҳукумат дастурлари ижросига бағишланди.
Журналистларнинг банк-молия соҳасида малакасини ошириш ва тизимдаги ислоҳотлар ижросини кенг жамоатчиликка етказишда уларнинг фаол иштирокини таъминлашга қаратилган мазкур семинарда давлатимиз раҳбарининг жорий йил 7 июндаги “Ҳар бир оила – тадбиркор” дастурини амалга ошириш тўғрисида”ги қарори бўйича қилинаётган ишлар ҳақида батафсил маълумот берилди.
Бугунги кунда мазкур қарор асосида тадбиркорлик субъектларига берилаётган кредитлар талаб этилган меъёрлар тартибида амалга оширилмоқда. Хусусан, 3 йил муддатгача энг кам иш ҳақининг 150 баробари миқдорида жисмоний шахсларга ва энг кам иш ҳақининг 1000 баробаригача бўлган миқдорда кичик тадбиркорлик субъектларига имтиёзли кредитлар ажратилаётгани муҳим аҳамиятга эга. “Ҳар бир оила – тадбиркор” дастури бўйича бундай кредитлар учун жисмоний шахсларга ҳудудларда ташкил этилган секторлар раҳбарларининг тавсияси ва ҳудудий ишчи гуруҳларнинг хулосалари асосида кредитлар ажратилади. Шунингдек, тадбирда ҳунармандларга имтиёзли кредитлар бериш, “Yoshlar – kelajagimiz” давлат дастури доирасида бу борада амалга оширилаётган ишлар мазмун-моҳиятига ҳам алоҳида тўхталиб ўтилди.
Марказий банкнинг департамент директори Актам Сайфуллаевнинг таъкидлашича, жорий йилнинг саккиз ойида аҳоли бандлигини таъминлаш ва оилавий тадбиркорликни ривожлантиришга доир дастурлар доирасида тадбиркорлик субъектларига 1,3 триллион сўмлик имтиёзли кредит ажратилди. Бундан ташқари, тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлашда тижорат банклари томонидан жалб этилган халқаро молия институтларининг кредит линиялари ҳисобидан 766,6 миллион АҚШ доллари миқдорида кредит маблағлари ўзлаштирилди. Йил охиригача бу кўрсаткич 1,5 миллиард АҚШ доллари миқдорида бўлиши кутилмоқда.
– Банк-молия соҳаси реал ва аниқ фактларга асослангани билан биз, журналистлардан кўпроқ билим ва малака талаб этади, – деди журналист Мухтасар Тожимаматова. – Мавзуга ёндашувда журналистдан илмий-таҳлилий фикрларга таяниш ҳамда бугунги ислоҳотлар ва унинг ижроси ҳақида қай даражада хабардорлигига аҳамият берилади. Бу мавзуда материаллар ёзишнинг ўзига яраша мураккаб жиҳатлари бор. Шу боис мутахассислар томонидан ўтказиладиган ўқув-семинарлар биз учун жуда муҳимдир. Соҳа бўйича ўзлаштирилган билим ва малака билан бир қаторда журналист иқтидори мавзунинг оммабоплигини таъминлайди.
Якунда мавзу доирасида фикр-мулоҳазалар билдирилди.

 

Насиба Зиёдуллаева, ЎзА