Бугун Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитасида XVIII ёзги Осиё ўйинларининг ғолиб ва совриндорларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Унда кенг спорт жамоатчилиги, Осиё ўйинларининг қаҳрамонлари ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этишди.
Маросим якунида Индонезияда ўтказилган XVIII ёзги Осиё ўйинларида Ўзбекистон терма жамоаси байроқдори бўлган Исроил Мадримовнинг фикрлари билан қизиқдик.
– Аввало шуни таъкидлаб ўтишни истардим, бундай эътибордан бошимиз кўкка етди. Ватан олдидаги арзимас хизматларимизни шундай юксак даражада эътироф этилиши ҳар биримизни янада руҳлантиради. Шу билан бирга бу эътибор ва ғамхўрлик бизга катта масъулият юклайди. Олдинда Токио-2020 олимпиадаси турибди. Мақсадимиз – тўрт йилликнинг энг нуфузли мусобақасида ҳам муносиб иштирок этиш ҳамда юртимиз байроғини янада юқориларга кўтариш.
– Осиё ўйинлари бошланмасиданоқ зиммамга катта масъулият юкланди. Мусобақанинг очилиш маросимида терма жамоамиз байроқдори бўлишдек шарафли вазифа ҳаммага ҳам ишониб топширилавермайди. Шу пайтгача Ўзбекистон терма жамоаси Осиё ўйинларида олти маротаба иштирок этган бўлса-да, байроқдор бўлган спортчимиз якунда олтин медални қўлга киритолмаган экан. Қачондир бу нохуш анъанага чек қўйилиши керак эди ва шукрки ўзимга юклатилган ишончни оқлашга муваффақ бўлдим.
Отабек Эшмаматов, ЎзА