Аввал хабар қилганимиздек, мамлакатимиз ва хорижнинг молиявий ташкилотлари иштирокида ўтказилаётган семинар-тренингда Ўзбекистон Республикасида (PEFA/ПИФА) давлат харажатлари ва молиявий ҳисобдорлик методологияси мезонлари асосида давлат молиясини бошқаришнинг самарадорлигини баҳолашни ўтказиш масалалари ўрганилмоқда.
Давлат молиясини бошқаришни такомиллаштириш соҳасидаги ислоҳотларни амалга ошириш доирасида Молия вазирлиги ва Жаҳон банки томонидан 30 миллион АҚШ доллари миқдоридаги институционал салоҳиятни ошириш лойиҳаси ишлаб чиқилмоқда.
Маълумки, PEFA – мамлакат давлат молиясини бошқариш (ДМБ) тизими самарадорлиги даражасини акс эттирувчи диагностик механизмдир. У фидуциар кафолат инструментни, яъни инвестицияларни киритиш ва кредитлаштириш учун ишончли баҳо (Европа иттифоқи, Жаҳон банки ва бошқа халқаро ташкилотлар учун), шунингдек, ДМБнинг муносиб амалиёти бўйича маълумотнома ва мамлакат ичида ДМБ тизимининг самарадорлик динамикасини таққослаш учун хизмат қилади.
Тадбирда иштирокчилар PEFA методологияси бўйича илмий-амалий билим ва кўникмага эга бўлмоқда.
“Пойтахт” бизнес марказида бўлиб ўтаётган семинар-тренингда сўз олган PEFAнинг мамлакатимиздаги гуруҳи раҳбари Патрик Ума Тет ушбу тизимининг амалий аҳамияти ҳақида тўхталиб ўтди.
Семинар эртага ҳам ўз ишини давом эттиради.
Насиба Зиёдуллаева, ЎзА