Араб мувофиқлаштириш гуруҳи Ўзбекистондаги лойиҳаларга қизиқиш билдирмоқда

Араб мувофиқлаштириш гуруҳининг 2014 йили Тошкентда ўтган мажлисида Ўзбекистон энергетика, йўл инфратузилмаси, коммунал хўжалик, таълим, экология, ирригация, қишлоқ инфратузилмасини ривожлантириш каби соҳаларга оид умумий қиймати 1,6 миллиард АҚШ долларидан зиёд 25 та лойиҳа тақдимотини ўтказган эди.
Пойтахтимизда 19 сентябрь куни ўтган Араб мувофиқлаштириш гуруҳининг навбатдаги давра суҳбатида томонлар яқин истиқболдаги янги лойиҳаларни молиялаштириш имкониятларини муҳокама қилди.

Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси томонидан ташкил этган тадбирда вазирлик ва идоралар, тижорат банклари раҳбарлари, Араб мувофиқлаштириш гуруҳи аъзолари иштирок этди.

Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси раиси С.Холмуродов, Ислом тараққиёт банки гуруҳи президенти Бандар Ҳажар Ўзбекистоннинг нуфузли молия институтлари билан ҳамкорлиги самарасида иқтисодий салоҳияти янада юксалаётгани, ўтган йилларда Араб мувофиқлаштириш гуруҳи аъзолари кўмагида хусусий секторни қўллаб-қувватлаш, соғлиқни сақлаш, таълим, қишлоқ ва сув хўжалиги, транспорт каби соҳаларда кўплаб лойиҳалар ҳаётга татбиқ этилганини таъкидлади.
photo5264857283685361946.jpg
Араб мувофиқлаштириш гуруҳи аъзолари 5 та молиявий институтдан ташкил топган бўлиб, булар Ислом тараққиёт банки, Саудия тараққиёт жамғармаси, Кувайт араб иқтисодий тараққиёт жамғармаси, ОПЕК халқаро тараққиёт жамғармаси ва Абу-Даби тараққиёт жамғармасидир.

Қайд этилганидек, Ислом тараққиёт банки иштирокида мамлакатимизда қиймати 926 миллион АҚШ долларига тенг лойиҳалар амалга оширилган. 2017 йилда Ўзбекистон ва ИТБ ўртасида имзоланган 300 миллион АҚШ долларлик молиявий келишувга кўра, банк тақдим этган маблағлар “Қишлоқ жойларида турар жой қурилишини ривожлантириш» лойиҳасининг 2-босқичини амалга оширишга йўналтирилди.

Мамлакатимизнинг Саудия тараққиёт жамғармаси билан ҳам ҳамкорлиги ривожланмоқда. Ўтган йилларда томонлар иштирокидаги 150 миллион АҚШ долларига тенг лойиҳалар асосида Қорақалпоғистон Республикаси ваХоразм вилояти қишлоқ мактаблари янгидан қад ростлади. Ҳозир жамғарма билан биргаликда қиймати 395 миллион доллар атрофида бўлган 6 лойиҳа бўйича сув таъминоти ва насос станцияларини таъмирлаш, шифохоналар ва тиббий марказларни ускуналар билан жиҳозлаш ишлари олиб борилмоқда.

Мамлакатимизда Кувайт араб иқтисодий тараққиёт жамғармаси билан қиймати 100 миллион АҚШ долларига тенг 4 лойиҳа амалга оширилмоқда. Улардан 2 таси тиббиёт муассасаларини замонавий асбоб-ускуналар билан таъминлашни кўзда тутади.

ОПЕК халқаро тараққиёт жамғармаси билан ҳамкорлик доирасида бугунги кунгача 40 миллион АҚШ долларига тенг лойиҳалар амалга оширилган. Хусусан, Самарқанд – Бухоро темир йўлининг маълум қисми модернизациялаштирилган, баъзи ҳудудлардаги ирригация ва дренаж тармоқлари қайта тикланган. Айни пайтда қишлоқ жойларда сув таъминоти тизимларини яхшилашга қаратилган 2 лойиҳа амалга ошириш босқичида.

Тадбирда Ўзбекистон томонидан “Ҳар бир оила тадбиркор”, “Обод қишлоқ” дастурлари, таълим, тиббиёт, қишлоқ хўжалиги, уй-жой коммунал хўжалиги соҳалари бўйича инвестиция лойиҳалари тақдимоти ўтказилди. Ҳамкорликни кенгайтириш юзасидан фикр алмашилди.

 

Малоҳат Ҳусанова, ЎзА