Ўзбекистон ва Тожикистон республикалари қуролли кучлари ҳарбий хизматчилари ўртасида ҳамкорликда Сўғд вилоятидаги “Чорухдайрон” полигонида ўтказилаётган “Жанговар ҳамдўстлик-2018” ўқувларининг биринчи куни ўз ниҳоясига етди.
БИРИНЧИ КУН
Мазкур ҳамкорликдаги ўқув машғулотларнинг биринчи кунида тезкор гуруҳ штаби ташкил этилди. Тожикистон мудофаа вазирининг биринчи ўринбосари – Бош штаби бошлиғи генерал-лейтенант Эмомали Собирзода томонидан ушбу гуруҳ фаолияти мувофиқлаштирилиб, дала ўқув майдонидаги амалий машғулотлар билан параллель равишда ишлар олиб борилиши таъкидланди. Ўзбекистон ҳарбийлари томонидан жанговар техникалар, учувчисиз учиш аппаратлари, 6 та миномёт ҳамда 2 та H215 вертолёт қўлланилиб, тактик ҳаракатлар муваффақиятли амалга оширилди.
Машқлар жараёнида дастлаб ноқонуний қуролланган террорчи гуруҳлар жойлашган ҳудуд тўғрисидаги маълумотлар ўзбекистонлик ҳарбийлар (учувчисиз учиш аппаратлари ёрдамида) томонидан юқори қўмондонликка етказилди. Ҳамкорликда “Душман шаҳарча”сига ҳужум уюштирилди. Ўзбекистонлик ҳарбийлар зирҳли техникаларда белгиланган йўналиш бўйича ишончли ҳаракатланиб, шартли душман жойлашган объектни эгаллади. Шартли душман келиш эҳтимоли бўлган йўналишга эса Ўзбекистон ва Тожикистон Ҳаво ҳужумидан мудофаа қўшинлари ва ҳарбий ҳаво кучларининг вертолёт авиациялари томонидан тактик десантлаштириш ишлари амалга оширилди.
Тожикистон-Ўзбекистон ҳамкорлигидаги ҳарбий машғулотлар 22 сентябрь кунига қадар давом этади.
Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати, ЎзА