1911-1962 йилларда Орол денгизининг сатҳи 53,4 метрни, сувининг ҳажми 1064 километр кубни ва минераллашув даражаси 1 литр сувда 10-11 граммни ташкил этган.
Денгиз транспорт, балиқ хўжалиги, иқлим шароити жиҳатидан катта аҳамиятга эга бўлган. Унга Сирдарё ва Амударёдан ҳар йили деярли 56 километр куб сув келиб қуйилар эди. Охирги 30 йил ичида денгиз сатҳи 20 метрга пасайди ва сув ҳажми 1062 минг километр кубдан 268 минг километр кубга тушиб қолди. 1960 йилдан 1996 йилга қадар Орол денгизи 748 километр куб сув йўқотди.
1994 йилга келиб Орол денгизидаги сувнинг сатҳи 32,5 метрга, сув ҳажми 400 километр кубдан камроққа, сув юзасининг майдони эса 32,5 минг квадрат километрга тушиб қолди, сувнинг минераллашуви икки баробар ортди. Ҳозирги вақтда 1 литр сувда 40-50 грамм туз бор. Орол атрофидан ҳар йили атмосферага 15-75 миллион тонна чанг ва туз кўтарилади.
Бугунги куннинг энг долзарб муаммоларидан бири – Орол денгизининг қуриб бориши, бунинг оқибатида экологик тизимнинг издан чиқишидир. Жумладан, тупроқнинг шўрланиши ва саҳроланиш жараёни, сув ресурсларининг ифлосланаётгани, тоза ичимлик суви тақчиллигининг ошиб бориши ҳеч кимни бефарқ қолдирмайди. Айниқса, атмосфера ҳавоси қумли ва тузли бўронлар оқибатида ифлосланиб, натижада биологик хилма-хиллик кескин камайиб бормоқда. Энг аянчлиси, Орол денгизининг қуриши баробарида табиий иқлим ўзгариб, минтақада жиддий ижтимоий-экологик вазият юзага келмоқда. Табиийки, бу жараён аҳоли саломатлигига, хусусан, аёллар ва болалар соғлиғига таъсир қилиб, аҳоли орасида атроф-муҳит билан боғлиқ бўлган турли касалликларни келтириб чиқармоқда. Минтақада генофонднинг салбий ўзгариш тенденцияси кузатилмоқда.
Орол денгизининг таниб бўлмас даражада қум-саҳролар билан қопланиши ва бу ердаги экологик инқирознинг юзага келишида асосан аввалги даврларда амалга оширилган хўжалик фаолияти, иқлим ўзгариши, ирригация тизимларини қуриш ва сувдан маиший, саноат соҳасида фойдаланиш эҳтиёжининг ортиши ва яна бошқа табиий жараёнлар сабаб бўлган, дейиш мумкин.
Мамлакатимизда Оролбўйи минтақасида экологик вазиятни барқарорлаштириш, аҳолининг турмуш даражасини яхшилаш бўйича кенг миқёсли лойиҳалар амалга оширилмоқда. Лойиҳалар доирасида 350 минг гектар майдонга саксовул ва шўрга чидамли ўсимликлар экилиб, бутазорлар барпо этилди. Орол денгизи инқирози оқибатларини юмшатиш ва Оролбўйи ҳудудини ривожлантириш бўйича 2013-2017 йилларга мўлжалланган комплекс чора-тадбирлар дастури доирасида 500 дан ортиқ лойиҳа амалга оширилди. Уларнинг ярмидан кўпи миллий лойиҳалардир.
Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан қабул қилинган 2018-2021 йилларда Оролбўйи ҳудудини ривожлантириш бўйича Давлат дастури ижтимоий-иқтисодий ҳолатни яхшилаш, экологик фалокат оқибатларини юмшатиш бўйича инвестиция лойиҳаларини ўз вақтида ва самарали амалга оширишга хизмат қилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузурида Оролбўйи минтақасини ривожлантириш жамғармаси тузилди ва унга 200 миллиард сўмдан ортиқ маблағ йўналтирилди. Ҳозирда ушбу маблағлар ҳисобидан аниқ амалий ишлар қилинмоқда. Хусусан, Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилояти аҳолисининг сув таъминоти, турмуш шароитини яхшилашга йўналтирилмоқда.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида дунё ҳамжамиятини ушбу экологик инқироз оқибатларини бартараф этиш ва ундан жабр чекаётган аҳолига амалий ёрдам кўрсатиш бўйича халқаро миқёсдаги саъй-ҳаракатларни бирлаштиришга чақирди.
Ўзбекистон БМТнинг Марказий Осиё учун превентив дипломатия бўйича минтақавий маркази томонидан ишлаб чиқилган Амударё ва Сирдарё сув ресурсларидан фойдаланиш тўғрисидаги конвенцияни қўллаб-қувватлади. Фожианинг бутун сайёрага дахлдорлиги инобатга олиниб, Ўзбекистон ташаббуси билан БМТ шафелигида Орол денгизи ва Оролбўйи ҳудуди бўйича махсус Траст жамғармаси тузилди.
Жорий йил 7-8 июнь кунлари Тошкентда “Орол фожиаси оқибатларини юмшатиш бўйича ҳамкорликдаги ҳаракатлар: янгича ёндашувлар, инновацион ечимлар ва инвестициялар” мавзусида халқаро конференция, унинг доирасида Марказий Осиё экологик форуми бўлиб ўтди.
Анжуманда Оролбўйи минтақасининг экологик ва ижтимоий-иқтисодий вазиятини яхшилашга йўналтирилган лойиҳалар тўплами маъқулланди. Тадбир доирасида Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси билан БМТ Тараққиёт дастурининг мамлакатимиздаги ваколатхонаси ўртасида денгизнинг қуриган тубида ўрмон барпо этишни мувофиқлаштириш, Ўзбекистон Экологик ҳаракати билан Ислом ҳамкорлик ташкилотининг Фан ва технологиялар соҳасида ҳамкорлик бўйича Доимий қўмитаси ўртасида атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида ҳамкорликка оид меморандумлар имзоланди.
Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедовнинг таклифига биноан жорий йил 24 август куни Туркманбоши шаҳрида бўлиб, Оролни қутқариш халқаро жамғармаси таъсисчи давлатлар раҳбарлари кенгашининг мажлисида иштирок этди.
Унда Президентимиз Оролни қутқариш халқаро жамғармаси фаолиятини такомиллаштириш, ҳудудга инновацион ечимлар жорий этиш ва хорижий инвестициялар жалб қилиш, “яшил иқтисодиёт”ни ривожлантириш, илмий-амалий тадқиқотлар олиб бориш ва бошқа масалалар бўйича муҳим таклифларни илгари сурди. Бу масалани ҳал қилишда минтақадаги барча мамлакатлар манфаатларини ҳисобга олиш зарурлиги, шундай ёндашувдан бошқа ечим йўқлиги алоҳида қайд этилди.
Орол муаммоси минтақа ҳаёти ва келажагига дахлдор долзарб масала. Орол мисолида табиат устидан эришилаётган ҳар бир муваффақият – маълум тарзда юзага чиқадиган мағлубият орқали ҳам сезиларли асорат қолдириши кўзга яққол ташланиб қолди. Ҳозирги пайтда давлатимизнинг бош мақсади фақат қуриб бораётган Оролни асраб қолиш эмас, балки ўша ҳудудларда яшовчи инсонларнинг ижтимоий ҳаётини яхшилашдир.
Нурилло Насриев, ЎзА