Жорий йилнинг 8 ойи давомида юртимизга ташриф буюрган япон сайёҳлари сони энг юқори кўрсаткичга етди.
Мамлакатимизда туризм соҳасини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил 3 февралдаги “Ўзбекистон Республикаси туризм салоҳиятини ривожлантириш учун қулай шароитлар яратиш бўйича қўшимча ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонига асосан шу йил 10 февралдан бошлаб 7 мамлакат, жумладан, Япония фуқаролари учун 30 кунгача визасиз кириш тартиби жорий этилгани бу борада муҳим қадам бўлди.
Япония фуқаролари учун виза тартибининг бекор қилиниши ушбу мамлакат ижтимоий-сиёсий ва иқтисодий-туристик доиралари томонидан юқори баҳоланиб, жамоатчиликда Ўзбекистоннинг маданияти, тарихи ва туризм салоҳиятига қизиқиш янада ортишига сабаб бўлди.
Давлатимиз раҳбарининг хорижий сайёҳларни кўпайтириш борасидаги топшириғи ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг Токиодаги элчихонаси Япония туристик компания ва ташкилотлари, жамоатчилик билан тизимли ишларни амалга оширмоқда.
Жумладан, юртимизга япониялик сайёҳлар оқимини кўпайтириш мақсадида Токио ва бошқа йирик шаҳарларда 100 дан ортиқ музокара ва тақдимот ўтказилди. Япониянинг нуфузли сайёҳлик кўргазмаларида иштирок этилмоқда. Оммавий ахборот воситаларида Ўзбекистоннинг қадимий тарихи, бетакрор обидалари, ўзига хос урф-одатлари ҳақида мунтазам чиқишлар қилинмоқда. Жорий йил май ойида ўтган “Ўзбекистон маданияти ҳафталиги” ҳам Япония жамоатчилиги томонидан қизғин олқишланди.
Шу йил июль ойи бошида Япониянинг етакчи туристик корпорацияси – “HIS” япон фуқаролари учун ёз фаслида энг жозибадор мамлакатлар рейтингини чоп этди. Унда Ўзбекистон иккинчи ўринни эгаллади.
Элчихона томонидан Кунчиқар юртда мамлакатимиз сайёҳлик салоҳиятини тарғиб қилиш бўйича амалга оширилган комплекс тадбирлар натижасида Ўзбекистонга ташриф буюрган япон сайёҳлари жорий йил январь – август ойларида илк бор 10 мингдан ошди. Яъни, 2017 йилнинг шу даврига нисбатан 154 фоизга ўсди.
Маълумки, ўтган йили 11 мингдан зиёд япон сайёҳи Ўзбекистонга ташриф буюрган эди. Юқоридаги натижа бу йил ҳам Япониядан Ўзбекистонга “туристик бум” бўлишини кўрсатмоқда.
Ўзбекистоннинг Япониядаги элчихонаси билан ҳамкорликда тайёрланди. ЎзА