1 сентябрдан олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчиларининг маоши оширилди

Президентимизнинг 2018 йил 5 апрелдаги “Республика олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасалари ходимларининг меҳнатига ҳақ тўлаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида“ги қарорига мувофиқ 2018 йил 1 сентябрдан бошлаб олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари ва илмий-тадқиқот муассасалари илмий ходимларининг базавий лавозим маошлари ўртача 25 фоизга оширилди.
Хусусан, фан доктори илмий даражасига эга профессорнинг иш ҳақи миқдори 38-44 фоиз оширилиб, амалдаги 2 миллион 504 минг сўм ўрнига 3 миллион 460 минг сўмни ташкил этади.
Давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 20 июлдаги “Фан ва олий таълим соҳаси ходимларининг меҳнат ҳақи миқдорини янада ошириш, илмий ва илмий-техник фаолият натижалари жорий этилишини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида“ги қарори билан олий таълим муассасаларининг раҳбар ходимлари ва профессор-ўқитувчилар таркибининг иш ҳақи миқдорлари 2019 йил 1 январдан 20 фоизга ва 2019 йил 1 июлдан 25 фоизга оширилиши белгиланди.
Ушбу қарорга мувофиқ, фан доктори илмий даражасига эга профессорнинг иш ҳақи миқдори Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг расмий телеграм каналига жойлаштирилган маълумотга кўра, 2019 йил 1 июлга келиб 5 миллион 550 минг сўмга етади ёки бугунги кундаги ойлик маоши 2,2 баробарга ошади.

 

ЎзА