Ўзбекистон “Эгмонт” гуруҳи билан фаолиятни кенгайтиради

“Эгмонт” гуруҳи — молиявий разведка бўлинмалари халқаро ташкилоти бўлиб, дунёнинг 130 дан ортиқ молиявий разведкаларини бирлаштиради.
“Эгмонт” молиявий разведка бўлинмалари гуруҳининг фаолиятида иштирок этиш доирасида Ўзбекистон Республикасининг мажбуриятларини таъминлашга доир ташкилий чора-тадбирлар тўғрисидаги Ҳукумат қарори қабул қилинди. Бу ҳақда Адлия вазирлигининг “Ҳуқуқий ахборот” канали хабар бермоқда.
Қарорга мувофиқ, Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти “Эгмонт” молиявий разведка бўлинмалари гуруҳининг фаолиятида иштирок этиш доирасида Ўзбекистон Республикасининг мажбуриятлари таъминланиши учун масъул махсус ваколатли орган этиб белгиланди.
Қарор билан тегишли вазирлик ҳамда идоралар Департаментни “Эгмонт” гуруҳи фаолиятида иштирок этиш доирасидаги мажбуриятларни бажариши учун зарур маълумотлар билан таъминлайди.
Шунингдек, Департаментга амалий мақсадга мувофиқликдан келиб чиқиб, тегишли вазирлик ҳамда идоралар раҳбарлари билан келишган ҳолда мазкур гуруҳ доирасида ўтказиладиган ялпи мажлислар ва бошқа тадбирларда иштирок этиш учун Ўзбекистон делегацияларини шакллантиришда уларнинг вакиллари экспертлар сифатида жалб қилинади.
Эслатиб ўтамиз, “Эгмонт” гуруҳи — молиявий разведка бўлинмалари халқаро ташкилоти бўлиб, дунёнинг 130 дан ортиқ молиявий разведкаларини бирлаштиради.

 

ЎзА