Ўз автомобилсозлик саноатига эга бўлиш миллий ғурур ва хавфсизликнинг муҳим жиҳатларидан биридир. Бу тенденциялар давлат томонидан тармоқ ривожига ҳар томонлама кўмак кўрсатилаётган ривожланган ва жадал ривожланаётган мамлакатларда айниқса кўзга ташланади.
Мамлакатимиз Ҳукумати ёрдамида, вазирлик ва идоралар вакиллари, экспертлар, шу жумладан халқаро мутахассислар иштирокида, аҳоли фикри ва муносабатини ўрганиш орқали «Ўзавтосаноат» акциядорлик жамияти томонидан ишлаб чиқарилаётган автомобиллар нархининг шаклланиши тамойиллари ва нархга доир ҳисоб-китобларнинг нечоғли асосланганлиги ўрганилди.
Ўтказилган таҳлил якунига кўра ишлаб чиқарилаётган автомобилларнинг алоҳида моделлари учун чакана нархларни ўртача 7,7 фоизга ошириш зарурлиги тўғрисида оғир ва жамоатчилик томонидан маъқулланмаслиги мумкин бўлган қарор қабул қилинди.
Айни пайтда, энг ҳамёнбоп ва аҳоли ўртасида оммабоп «Спарк», «Нексия» ва «Кобальт» моделлари учун чакана нархлар ўзгаришсиз қолмоқда.
Ушбу қарорни қабул қилишда «General Motors Uzbekistan» акциядорлик жамиятининг молиявий аҳволи оғирлиги ҳамда алоҳида автомобиль моделларини ишлаб чиқаришнинг норентабеллиги инобатга олинди, лекин акциз солиғи ставкаларини мақбуллаштириш ва дилерлик маржасини камайтириш ҳисобига нархларнинг кескин ошишига йўл қўймасликка эришилди.
Таъкидлаш жоизки, автомобиллар учун чакана нархлар ва акциз солиғи ставкаларининг аввалги даражада сақлаб қолинган тақдирда компания, демак, унинг асосий акциядори бўлмиш давлат ҳам 2018 йил якунида улкан зарар кўрган, бу келажакда оддий солиқ тўловчиларнинг елкасига, улар автомобиль харид қилмаса ҳам, оғир юк бўлиб тушган бўлар эди.
Хавфсизлик ва шинамликни юксалтириш мақсадида яқин келажакда автомобиллар мижоз хоҳишига кўра қўшимча равишда йўналиш барқарорлиги ва орқа салонни шамоллатиш, ўриндиқлар ва олд ойнани иситиш ва бошқа янги тизимлар билан бутланади.
Қўшимча равишда маълум қиламизки, 2018 йил 1 август кунига қадар тузилган ва жисмоний шахслар томонидан бўнак пулининг камида 85 фоизи ва юридик шахслар томонидан 100 фоизи тўланган шартномалар бўйича автомобилларни етказиб бериш шартномаларда кўрсатилган нархлар ва муддатларда амалга оширилади.
«Ўзавтосаноат» акциядорлик жамияти қабул қилинган қарор ҳамда мамлакатимиз автомобилсозлик саноати учун юксак масъулиятни ҳис қилган ҳолда тармоқ корхоналари фаолиятининг самарадорлиги, автомобилларни сотиш механизмларининг шаффофлигини ошириш, моделлар қаторини кенгайтириш ва маҳаллийлаштиришни чуқурлаштириш, янги шериклар ва салоҳиятли инвесторларни жалб этиш борасида кенг миқёсли ишларни олиб бормоқда.
ЎзА