Ҳайдовчилар яхши билади “Олмаота-Бишкек-Тошкент-Термиз” автомобиль йўлининг 806-871-километри оралиғида, “Тошкент-Ўш” ва “Бектемир-Чорбоғ” автомобиль йўлларида янги намунадаги махсус автоматлаштирилган фоторадарлар ишлаб турибди.
Тошкент вилояти ИИБ ЙҲХБ хабарига кўра, бу фоторадарлар орқали 2018 йилнинг 16 февралидан 23 августга қадар 77 мингдан ортиқ қоидабузарлик аниқланди. Қоидабузар ҳайдовчиларнинг 45 мингдан зиёди жаримани ўз вақтида тўлаган. Лекин жаримани ўз вақтида тўламай, белгиланган тартибни бузаётган ҳайдовчилар ҳам йўқ эмас.
Ўз навбатида, ҳайдовчиларни жарималарни тўлаш тартиби, тўловнинг қулай усуллари, жавобгарлик билан боғлиқ саволлар қизиқтириши табиий. Бу ҳақда Тошкент вилояти ИИБ ЙҲХБ Матбуот гуруҳи инспектори Рустамбек Асқаров қуйидагиларни маълум қилди.
– Ҳар бир ҳайдовчи фоторадарлар назоратидаги йўлларда қоидабузарлик содир этган ёки этмаганлиги ҳақида билиш учун “8860” қисқа рақамига транспорт воситасининг давлат рақамини, транспорт воситасини қайд этиш гувоҳномасининг серия ва рақамини SMS орқали юбориши мумкин. Тезда SMS орқали бу ҳақда маълумот келади, – дейди Р.Асқаров. – Қоидабузарлик бўйича белгиланган жарималарни пластик карта орқали “Click”, “PayMe” иловалари ёрдамида ҳам тўлаш мумкин. Тошкент вилояти ЙҲХБ томонидан ўз вақтида жаримани тўламаган ҳайдовчиларга нисбатан чора кўрилмоқда. Бунда “АUTO CON” ускунаси ёрдамида 60 кун муддат ичида жаримани тўламаган ҳайдовчилар аниқланиб, автомашинаси жарима майдончасига қўйилмоқда. Ҳозирги кунга қадар 1200 дан ортиқ транспорт воситаси вилоят ҳудудидаги жарима майдончаларига қўйилди.
Эслатиб ўтамиз, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 291-моддаси талаблари асосида 60 кун муддат ичида жарималарни тўламаслик, жарима тўлагунга қадар транспорт воситасини жарима майдонига қўйишга асос бўлади.
ЎзА