Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмон Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Ариповни қабул қилди.
Учрашувда 17 август куни бўлиб ўтган олий даражадаги мулоқотда ҳамкорликнинг бугунги ҳолати холисона баҳоланиб, уни ривожлантиришнинг устувор йўналишлари белгилаб олингани таъкидланди. Мамлакатларимиз ўртасида савдо-иқтисодий, илмий-техникавий ва маданий-гуманитар соҳаларда икки томонлама ҳамкорликка доир 27 та ҳужжат имзолангани юқори баҳоланди.
Эмомали Раҳмон Тожикистон Республикаси ва Ўзбекистон Республикаси ўртасида савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссиянинг фаолияти мамлакатларимиз ўртасидаги иқтисодий ҳамкорликни ривожлантиришга хизмат қилаётганини таъкидлади.
Икки давлат делегациялари учрашувида ҳамкорликнинг ўзаро манфаатли кўплаб масалалари муҳокама қилингани қайд этилди. Хусусан, Тожикистондаги Сарез кўлининг чучук сув захираларидан биргаликда фойдаланиш бўйича лойиҳа тайёрланди. Томонлар Тожикистонда икки мамлакат компаниялари иштирокида 2 та ГЭС қуриш лойиҳасини амалга оширишга келишиб олди. Ўзаро савдо-иқтисодий, сармоявий, илмий-техникавий ва маданий-гуманитар алоқаларда янги имкониятларни кашф этиш ва бизнес борасида ҳамкорликни чуқурлаштириш белгиланди.
Мулоқотда мазкур келишувларни амалга ошириш, икки мамлакат вазирлик ва идоралари ўртасидаги алоқаларни ривожлантиришнинг муҳим йўналишларига эътибор қаратилди. Иқтисодиётнинг турли йўналишлари, жумладан, транспорт ва транспорт коммуникациялари, транзит, энергетика, қишлоқ хўжалиги каби соҳалардаги ҳамкорликни янада фаоллаштириш юзасидан атрофлича фикр алмашилди.
Матназар Элмуродов, ЎзА