Орол денгизи ҳудуди, Қизилқум чўли ва республикамизнинг сув танқис бўлган бошқа чўл ҳудудларини кенг ривожлантириш мақсадида Инновацион Ривожланиш вазирлиги томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикасининг чўл ҳудудларини ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони лойиҳаси ишлаб чиқилди. Қарор иловасида “Яшил чўл лабораторияси” Концепцияси келтирилмоқда.
Вазирлик матбуот хизмати маълумотида қайд этилишича, фармон лойиҳаси Қоракўлчилик ва чўл экологияси илмий-тадқиқот институти ва Фанлар Академиясининг Ботаника институтлари томонидан ўрганиб чиқилди ва республиканинг чўл ҳудудларида “Яшил чўл лабораторияси”ни ташкил этиш тўғрисидаги инновацион таклифлар қўллаб-қувватланди.
Республикамизда суғориладиган ер майдонлари йилдан-йилга қисқариббораяпти. Оролбўйидаги қуриган ҳудуддан туз ва бошқа минерал моддаларнинг шамол орқали тарқалиши, ўсимликлар дунёсининг камайиб бориши ва сув тақчиллиги оқибатида эса чўлланиш даражаси йилдан йилга ошиб бормоқда.
Мазкур лойиҳа бўйича биринчи навбатда Навоий вилоятининг Нурота туманидаги чўл ҳудудида замонавий инновацион чўл лабораториясини ташкил қилиш кўзда тутилмоқда. Ҳудудларни босқичма-босқич чўл ўсимликлари дунёси билан бойитиб бориш, иссиқ иқлим шароитига мослаша оладиган ўсимлик турларини кўпайтириш лойиҳанинг асосий мақсадларидан биридир. Шунингдек, ҳудудда ҳайвонот дунёсини ортга қайтариш, қоракўлчилик учун озуқа базасини яратиш, био хилма-хилликни ошириш вазифаси ҳам қўйилган. Бундан ташқари,экин ерларни қўриқлаш чораларини кўриш, чўлланиш ҳолатларини юмшатиш, экотуризм ва агротуризмни ривожлантириш ҳам лойиҳа доирасидаги муҳим масалалардандир.
Лойиҳа амалга тушгач, чўл ҳудудлардан унумли фойдаланиш натижасида республика ҳудудларида ўсимликлар қоплами кенгайиши ва чўлланиш ҳолатлари камайтиши кутилмоқда. Шунингдек, илмий-тадқиқот институтлари ва тажриба лабораторияси ўртасида амалий ҳамкорлик ташкил қилинади. Кенг майдонларни кўкаламзорлаштириш ва қоракўлчилик учун озуқа базасини яратиш чоралари кўрилади. Экотуризм ва агротуризмни ривожлантириш устида иш олиб борилади.