Янги йил бошидан Италиянинг иккинчи йирик шаҳри Миланда очиқ ҳавода чекиш тақиқланади. Бу ҳақда “A News” ахборот портали хабар бермоқда.

Шаҳар муниципалитети иқлим ва ҳавони режалаштиришнинг бир қисми сифатида 2021 йилда эълон қилинган стадионлар, боғлар, қабристонлар ва автобус бекатлари каби жамоат жойларида чекишни тақиқлаш тўғрисидаги қарори кўламини янада кенгайтирмоқчи.

Янги қоидаларга кўра, чекувчилар орасидаги масофа камида 10 метр бўлиши шарти билан тамаки маҳсулотларидан фақат махсус ҳудудларда фойдаланишга рухсат берилади.

Қоидаларни бузганлар 40 евродан 240 еврогача жаримага тортилиши мумкин.

Ҳаво сифатини ўлчаш учун ишлатиладиган “PM10” концентрацияси параметрига кўра, сигаретни истеъмол қилиш шаҳар маркази ҳаво ифлосланишида 7 фоиз рол ўйнайди.

Чекишни тақиқлаш 2050 йилгача карбонат ангидрид чиқиндиларини икки баравар камайтиришга қаратилган дастур доирасида амалга оширилади.

Айрим тамаки ишлаб чиқарувчилари ва сотувчилари муниципалитетнинг бундай қарор қабул қилишга ҳаққи йўқлигини таъкидлаб, янги тақиқни вилоят судига шикоят қилишни режалаштирмоқда.

Миландагига ўхшаш ечим шу йилнинг апрель ойида ўлка шимолидаги бошқа саноат шаҳри Туринда ҳам жорий этилган эди.

Г.Сатторова, ЎзА