Уй-жой сотиб олишда аҳоли маблағларини кафолатлайдиган — “еscrow” тизими яратилади.
Мазкур тизимга кўра, буюртмачи ва тижорат банки ўртасида тузиладиган шартномага асосан, ҳар бир қурилиш иншооти бўйича “еscrоw” ҳисобварағи очилади. Кўчмас мулк учун келишилган маблағлар ушбу ҳисобварақ орқали амалга оширилади. Унда йиғиладиган маблағлар асосида тижорат банклари буюртмачига пасайтирилган фоизда кредит тақдим этади.
Қурилиш битгач, харидорнинг ҳисобварағидаги пул девелопер ташкилотга ўтказилади. Қурувчи ўз мажбуриятини бажармаган тақдирда, бу пул эгасига қайтариб берилади. “Еscrow” ҳисобварағида турган маблағларга ундирув қаратилмайди.
Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Тадбиркорлик, рақобатни ривожлантириш ва саноат масалалари қўмитаси томонидан ўтказилган эшитувда айтиб ўтилди. Унда Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги ва бошқа вазирлик, идораларнинг уй-жой сотиб олишда аҳоли маблағларини кафолатлаш тизими бўйича ахбороти эшитилди.
Таъкидланганидек, Президентимиз уй-жой қурилишида аҳоли маблағларини кафолатлаш тизимига оид тақдимот билан танишиш давомида ушбу соҳадаги айрим муаммоларни бартараф қилишга қаратилган вазифаларни белгилаб берган эди. Хусусан “еscrow” тизими томонлар ўртасидаги ишончни таъминлаш, ҳар икки тарафнинг манфаатларини ҳимоя қилиш ҳамда молиявий муносабатларни хавфсиз, аниқ ва самарали амалга оширишни таъминлашга хизмат қилади.
Мунозаралар давомида бу борада ҳуқуқий асос яратиш лозимлиги таъкидланди.
Шунингдек, қурилиш объектларининг таннархини камайтириш, рақамлаштириш, қурилиш ҳужжатларининг кўриб чиқилиш муддатларини қисқартириш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳолати муҳокама қилиниб, бу бўйича қатор таклиф ва тавсиялар берилди.
М.Комилова, ЎзА