Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти томонидан тақдим этилган маълумотларга кўра, 2024 йилнинг дастлабки тўққиз ойида республикадаги банклар томонидан 12,8 триллион сўм миқдорида автокредит ажратилган.

Ушбу миқдор ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 2,4 баробарга камайган бўлиб, бу автокредит ажратилиши ва автомобиль бозори фаоллигида тушиш кузатилаётганидан далолат беради.

2024 йилнинг учинчи чорагида давлат рўйхатидан ўтган автомобиллар сони 352,8 мингтани ташкил этди. Бу иккинчи чоракка нисбатан 27,8 фоизга кўпдир. Бироқ ўтган йилнинг шу даврига нисбатан ушбу кўрсаткич 19,9 фоизга камайган.

Автокредит ажратилишидаги пасайиш фонида айрим автомобиль ишлаб чиқарувчилар ва дилерлар талабни барқарорлаштириш мақсадида чегирмалар, муддатли ва фоизсиз тўловлар каби имкониятларни таклиф этмоқда.

Мутасаддиларнинг тахминига кўра, агар кредит ажратиш суръати ушбу даражада давом этса, йил охиригача ҳар ойда ўртача 115-118 мингта янги автомобиль рўйхатдан ўтиши кутилмоқда.

Н.Зиёдуллаева тайёрлади, ЎзА