Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) ходимлари ҳамда Тошкент шаҳридаги минтақавий вакил томонидан ёпиқ муассасаларга мониторинг ташрифлари амалга оширилди.

Мониторинг ташрифларида, Тошкент шаҳрида жойлашган Республика клиник руҳий касалликлар шифохонаси, Ички ишлар органларининг маъмурий қамоққа олинган шахсларни қабул қилиш ва сақлаш учун мўлжалланган махсус қабулхонаси, Муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахсларни реабилитация қилиш маркази ва “Меҳр-саховат” уйи кўздан кечирилди.

Ушбу ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар сақланадиган муассасалардаги шароитлар, жумладан, яшаш жойлари, овқатланиш, тиббий хизматдан фойдаланиш шароитлари, учрашув ва ювиниш хоналарининг ҳолати, кутубхона ҳамда сайрга чиқиш жойларидаги шароитлар ўрганилди. Муассасаларда сақланаётган шахслар билан жамоавий ва якка тартибда суҳбатлар ўтказилди.

Ўрганиш натижасида Республика клиник руҳий касалликлар шифохонасида озиқ-овқат маҳсулотларини санитария-гигияна талабларига мос равишда сақланмаслиги аниқланди. Маъмурий қамоққа олинган шахсларни қабул қилиш ва сақлаш учун мўлжалланган махсус қабулхонада муддати ўтган дори воситалари сақланаётгани маълум бўлди.

Омбудсман вакиллари ушбу камчиликларни масъулларга маълум қилганидан кейин улар зудлик билан бартараф этилган. Кейинги мониторингларда айнан шу жиҳатлар қайта текширилади.

Эслатиб ўтамиз, Омбудсман томонидан қийноқларнинг олдини олиш бўйича мониторинг ташрифлари якуни юзасидан аниқланган камчиликлар бўйича таҳлилий маълумотлар парламентга тақдим этилади.

Омбудсманнинг Қорақалпоғистон Республикасидаги минтақавий вакилининг ташаббуси билан Қорақалпоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан биргаликда Нукус шаҳрида жойлашган 2-сон тергов ҳибсхонасида 300 нафардан ортиқ шахс учун тиббий кўрик ташкил этилди. Тадбирга малакали шифокорлар жалб қилинди.

Профилактик тиббий текширувлар натижасига кўра, айримларда буқоқ, қандли диабет, қон босими, юракдаги ўзгаришлар билан боғлиқ касалликлар аниқланди. Шунингдек, 5 нафар шахсга кўз касалликлари бўйича мос кўзойнаклар ва зарур муолажалар буюрилди.

Тиббий кўрик натижалари бўйича 22 нафар шахсга амбулатор тартибда даволаниш, 5 нафарга қўшимча текширув тавсия этилди. Шунингдек, 18 нафар шахсга олаётган муолажаларига қўшимча дори-дармонлар ёзиб берилди. 3 нафари жарроҳлик амалиётини ўтказадиган бўлди.

Омбудсманнинг минтақавий вакили мазкур ҳибсхонада сақланаётган шахслар фикрларини ўрганиб, мурожаатларини қабул қилди.

Н. Абдураимова, ЎзА