Рақамли технологияларни Ўзбекистон таълим тизимига интеграция қилиш замон талабидир ва бу борада олиб борилаётган ишлар кўлами кенгаймоқда.

Парижда бўлиб ўтаётган Рақамли таълим ҳафталиги доирасида Рақамли технологиялар вазирлиги делегацияси ЮНEСКО Бош директорининг таълим бўйича ёрдамчиси Стефания Жаннини билан учрашди.

Унда Ўзбекистон ва ЮНEСКО ўртасидаги рақамли таълим соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди, дейилади Ўзбекистон Республикаси Рақамли технологиялар вазирлиги маълумотида.

Стефания Жаннини Ўзбекистондаги рақамли ўзгаришлар, хусусан, онлайн таълим, рақамли саводхонлик ва педагоглар малакасини ошириш соҳаларига оид кенг кўламли ислоҳотларни эътироф этди.

Рақамли технологиялар вазири ўринбосари Рустам Каримжонов мамлакатда рақамли таълим муҳитини ривожлантириш ва соҳаларни рақамлаштиришда Ўзбекистон ЮНEСКОнинг доимий яқин ҳамкори эканини таъкидлади.

«ЮНEСКО билан ҳамкорлигимиз бошқа мамлакатлар учун намуна бўла оладиган даражада яқин. Бу бизга мамлакатда кенг қамровли рақамли таълим тизимини ривожлантириш учун зарур ёрдам ва билимларни тақдим этишига ишонамиз», деди вазир ўринбосари.

Стефания Жаннини Ўзбекистоннинг таълим имконияти ва сифатини ошириш бўйича рақамли технологияларни қўллаш борасидаги саъй-ҳаракатларини юқори баҳолади. У Ўзбекистоннинг стратегик эътибор ва технологияга инвестицияларини ҳисобга олган ҳолда, рақамли таълим бўйича минтақавий етакчига айланиш салоҳиятини таъкидлади.

Маълумотда ЮНEСКО Ўзбекистон билан рақамли таълим муҳитини яратишда ҳамкорлик қилишга тайёр эканлиги келтирилади.

А.РУСТАМОВ,

ЎзА