Ватанимиз мустақиллигининг 33 йиллиги ҳамда Ўзбекистон ва Корея Республикаси ўртасида дипломатик алоқа ўрнатилганининг 32 йиллиги муносабати билан Жанубий Кореядаги етакчи нашрлардан бири — “Diplomacy Journal” республикамизга бағишланган махсус сон тайёрлади.

Журнал саҳифалари орқали сўнгги йилларда юртимизда амалга оширилаётган кенг ислоҳотлар ифодаланган туркум мақолалар ўқувчилар ҳукмига ҳавола этилган.

Хусусан, нашр масъуллари жорий йил 27 октябрга белгиланган парламент сайлови, меҳнат миграциясини тартибга солишнинг янги механизми, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари, гендер ва ёшлар сиёсати, атроф-муҳит муҳофазаси, суд-ҳуқуқ тизимидаги ислоҳотлар, трансчегаравий сув ресурсларидан фойдаланиш, диний таълим соҳасидаги ижобий ўзгаришлар, туризмни ривожлантириш, коррупцияга қарши курашиш, фуқаролик жамияти институтлари фаолияти, китоб мутолааси ва саводхонликни ривожлантириш каби кўплаб долзарб мавзуларни қамраб олган.

Табиийки, махсус сон ижодкорлари июль ойида Корея Республикаси Президентининг Ўзбекистонга амалга оширган давлат ташрифи ва Тошкентда бўлиб ўтган олий даражадаги учрашувлар якунига алоҳида эътибор қаратган.

Мамлакатимиз ҳақидаги 21 мақолани жамлаган журнал Жанубий Кореядаги вазирлик, идора, компаниялар, Сеулда аккредитациядан ўтган хорижий давлатлар элчихоналари ва ваколатхоналарига тарқатилди.

1996 йилдан фаолият бошлаган, корейс ва инглиз тилларида чоп этиладиган ушбу йирик оммабоп ижтимоий-сиёсий журнал – “Diplomacy Journal” нафақат Жанубий Кореяда, балки хорижда ҳам минглаб муштарийларига эга.

ЎзА