Ўзбекистонда маҳаллий ҳамжамиятларни қўллаб-қувватлаш ва ижтимоий фаровонликка кўмаклашиш бўйича янги марказ иш бошлади.

Мамлакатимизда ижтимоий ҳимоя ва ижтимоий хизмат тизимини ривожлантиришга қаратилган инновацион саъй-ҳаракатлар марказига айланиши кутилаётган ушбу марказ Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги, Колумбия университети, UNICEF ва бошқа тузилмаларнинг самарали ҳамкорлиги натижасидир.

Агентлик директорининг биринчи ўринбосари Шаҳноза Мирзиёеванинг сўзларига кўра, ижтимоий хизматларни ривожлантириш ва аҳолининг заиф қатламларини қўллаб-қувватлаш фаолиятини янги босқичга кўтарадиган марказ нафақат билим ва инновация манбаи, балки соҳа ходимлари учун энг яхши амалиёт ва тажриба алмашиш маскани бўлади.

Марказ шунингдек, халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш орқали тизимни такомиллаштириш, ходимлар касбий ривожланиши, самарали дастур ва методикалар яратиши, фойдали тадқиқот ўтказишига ёрдам беришга хизмат қилади.

– Оилалар ва жамоалар билан алоқада бўлган илғор ижтимоий хизмат ходимлари болаларни ҳимоя қилиш жараёнида беқиёс аҳамиятга эга, – дейди UNICEFнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Реҳина Кастижио. – Айни йўналишда хизмат қилаётган фидойи, малакали кадрлар саъй-ҳаракати ва ресурсларни мувофиқлаштириш адолат ва ижтимоий ҳимоя, соғлиқни сақлаш ва таълим, хавфсизлик ва табиий офат хавфини камайтириш каби муҳим жабҳаларда болалар ва оилаларни қўллаб-қувватлаш тизимини такомиллаштириш учун жуда зарур. Бундай фаолият, ўз навбатида, аҳолининг барча қатлами учун ижтимоий адолатни қарор топтириш, ҳаёт сифатини яхшилашга хизмат қилади.

Камбағалликни камайтириш, хавфни аниқлаш ва бошқариш, бола ва оила фаровонлигини ошириш учун ижтимоий хизматлардан фойдаланишни таъминлаш бугунги куннинг долзарб масаласи ҳисобланади. Ижтимоий хизмат ходимлари ушбу жараённи осонлаштириш орқали, айниқса, болалар ва оилаларни қўллаб-қувватлашда муҳим ўрин тутади. Бунинг учун марказ ижтимоий ҳимоя ва ижтимоий хизмат соҳасида таълим, тадқиқот ва амалиётни ривожлантиришга йўналтирилган мустаҳкам таълим инфратузилмасини таклиф этади.

Марказ Колумбия университети ижтимоий иш мактаби (CSSW) академик раҳбарлиги ва менторлик ёрдамига таянади. Мазкур нуфузли муассасанинг ижтимоий иш бўйича етакчилик мавқейидан фойдаланиб, заиф аҳоли ва маҳаллий ҳамжамият фаровонлигини яхшилайдиган инновацион, далилларга, илғор тажрибага асосланган саъй-ҳаракат ёрдамида ижтимоий ҳимоя тизимини мустаҳкамлайди.

Гўзал Сатторова, ЎзА