Таълим жараёнини рақамлаштириш, манбаларни ўзлаштириш, рақамли технологиядан фойдаланиш, интер фаол, мульти медиал ресурслар ва янги платформалар яратиш бугунги куннинг долзарб вазифаси саналади. Шу нуқтаи назардан малакали, рақобатбардош кадрларга талаб тобора ортмоқда.

Рақамли технологиялар вазири ўринбосари Рустам Каримжонов Тошкентда Ҳамад Бин Халифа университети президенти доктор Аҳмад Ҳасна билан учрашиб, сунъий интеллект, AI кадрларини тайёрлаш, рақамли технологияни тадқиқ этиш бўйича ҳамкорлик имкониятини муҳокама қилди.

Ҳамад Бин Халифа университети Қатар пойтахти Доҳада жойлашган, 2010 йил ташкил этилган давлат таълим муассасаси ҳисобланади.

Қатарнинг собиқ амири Шайх Ҳамад бин Халифа Ол Соний номи берилган олийгоҳ жаҳон университетлари рейтинги (QS World Universities Rankings)да 183-ўринни эгаллаган.

Мамлакатимизнинг ушбу давлатдаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Ашраф Ходжаев ҳам яқинда мазкур олийгоҳ раҳбари билан учрашган эди.

– Доҳадаги учрашувдан кўп вақт ўтмай, таклифимизни қабул қилиб, Ўзбекистонга ташриф буюргани учун доктор Ҳаснага миннатдорлик билдирамиз, – деди дипломат. – Энди келажак авлодлар манфаати учун самарали ҳамкорлик ўрнатилишини интиқлик билан кутамиз.

Ўзбекистон ва Қатар Миллий кутубхоналари ўртасида ўзаро англашув Меморандуми имзоланиши ҳам маданий ҳамкорлик тарихида янги саҳифа очди.

Муҳаррама Пирматова, ЎзА