Президент ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги масъуллари БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги доимий вакили Акико Фуджии хоним билан учрашди.
Мулоқот аввалида агентлик вакиллари меҳмонга мамлакатимизда амалга оширилаётган кадрлар сиёсати, соҳага оид янгиликлар ва Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги фаолияти ҳақида маълумот берди.
Бугунги кунда БМТ Тараққиёт дастури ҳамда Европа Иттифоқининг “Ўзбекистоннинг қишлоқ ҳудудларида давлат хизматлари тақдим этишни такомиллаштириш ва бошқарув даражасини ошириш” қўшма лойиҳаси билан ҳамкорликда қатор ишлар амалга оширилмоқда.
Хусусан, давлат хизматларини рақамлаштириш соҳасида “Лицензия” ахборот тизими яратилди. “Э-регистер” апостиль тизими ишлаб чиқилиб, жорий қилинди. “ФҲДЁ ягона электрон архиви” маълумотлари блокчейн технологияси асосида тўлиқ рақамлаштирилди.
“Лицензия” ахборот тизимида лицензия, рухсатнома ва хабардор қилиш каби 78 давлат хизмати тўлиқ жорий қилиниб, ишга туширилди.
Учрашувда “Ўзбекистоннинг қишлоқ ҳудудларида давлат хизматлари тақдим этишни такомиллаштириш ва бошқарув даражасини ошириш” лойиҳасининг иккинчи босқичи ишга туширилиши, БМТ Тараққиёт дастури билан давлат бошқаруви ва давлат хизматини ривожлантириш соҳасида янги қўшма лойиҳани ишлаб чиқиш юзасидан фикр-мулоҳаза ва таклифлар билдирилди.
Гулноза Бобоева,
ЎзА