Маълумки, 2024/2025 ўқув йилидан бошлаб давлат олий таълим муассасаларига қабул қилиш бўйича имтиҳонлар “аввал тест, сўнг танлов” тамойилига мувофиқ ўтказилди. Бунда тест синовлари жорий йил 14–25 июль кунлари ташкил этилди.

АОКАда ташкил этилган брифингда Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги директори маслаҳатчиси Зоҳид Шакаров тест синовлари юзасидан тегишли маълумотларни тақдим этди.

Мутахассисга кўра, давлат олий таълим муассасаларига қабул қилишнинг танлов босқичи 27–10 август кунлари ўтказилди. Мазкур муддат давомида абитуриентларга тест синовларида тўплаган балидан келиб чиқиб, олий таълим муассасаси, таълим йўналиши ва таълим шаклини танлаш имконияти берилди.

Танлов натижалари белгиланган муддатда 17 август куни эълон қилинди. Натижаларга асосан, 186  минг 871 нафар абитуриент бакалавриат таълим йўналишларига талабаликка тавсия этилди. Шундан 41  минг 153 нафар абитуриент давлат гранти асосида ва 145 минг 718 нафар абитуриент тўлов-контракт асосида талаба бўлиш имкониятини қўлга киритди.

Талабаликка тавсия этилганларнинг 14 минг 230 нафарини имтиёзли қабул параметрлари доирасида қабул қилинганлар ташкил этади.

Якуний танлов натижаларига кўра, давлат гранти асосида ўртача ўтиш бали – 121,7 ни, тўлов-контракт асосида ўртача ўтиш бали – 94,7 ни ташкил этди. Талабаликка тавсия этилганларнинг 120 минг 845 нафарини жорий йил битирувчилари ташкил этади.

Муҳайё Тошқораева,  

ЎзА