Ўзбекистон ҳукумати делегациясининг Афғонистонга ташрифи доирасида Кобул шаҳрида икки мамлакат тадбиркорлари ўртасида учрашув ўтказилди.

Яхши қўшничиликка асосланган дўстона ва ўзаро манфаатли муносабатни янада кенгайтириш мақсадида ташкил этилган мулоқотда тадбиркорлар учун яратилган қулай шарт-шароитлар ҳақида сўз юритилди.

Маълум қилинишича, жорий йил 1 октябрдан икки мамлакат ўртасида Имтиёзли савдо келишуви ишга тушади. Ушбу ҳужжат доирасида келишилган 14 хил маҳсулотга импорт божи бекор қилинади, экспортчилар учун қўшимча қулайликлар яратилади.

Айни пайт Афғонистондан қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари импортини янада ошириш мақсадида фитосанитар рухсатнома бериш тартиби енгиллаштирилган.

1 августдан Айритом – Ҳайратон чегара пости 24 соатлик иш тартибига ўтди.

Халқаро Термиз савдо марказига келувчилар учун 15 кунлик визасиз режим жорий қилинади ва улар барча солиқлардан озод этилади.

Афғонистонлик тадбиркорлар мамлакатимизда фаол ишлаши учун икки давлат ўртасида инвестицияни ўзаро рағбатлантириш ва ҳимоя қилиш тўғрисида келишув имзоланди.

Очиқ мулоқот шаклида кечган учрашувда юртимиз тадбиркорлари фаолиятини қўллаб-қувватлашга қаратилган шу ва бошқа чора-тадбирлар ҳақида атрофлича маълумот берилди.

ЎзА