Хориж матбуоти Ўзбекистон ҳақида
Бирлашган Араб Амирликлари “Ал-Иттиҳод” нашри туризм соҳасига ихтисослашган ёзувчи Али Юсуф Ал-Сааднинг “Бу гал Тошкент ҳақида” мақоласини эълон қилди.
– Энди мен билан Тошкентга саёҳат қилинг. Қадимий Ипак йўлида жойлашган Ўзбекистон, хусусан Тошкент, Бухоро ва Самарқанд каби буюк тарихий-маданий бойлик, қудратни ифодаловчи ўлка ҳақида сўзламоқчиман.
Ўзбекистон пойтахти Тошкент аҳоли сонига кўра Марказий Осиёдаги энг йирик, қадимий шаҳарлардан бири.
2200 йилдан зиёд тарихга эга бу кент ўтган давр мобайнида мудофаа девори билан ўралган мўъжаз қалъадан жаҳондаги йирик пойтахтлардан бирига айланди. Шаҳар ҳар хил тарихий даврларда турлича номланган. Ҳожа Аҳрор Валий, Шайх Умар Боғистоний, Абу Бакр Шоший, Абу Сулаймон Банокатий, Ҳофиз Кўҳакий каби буюк алломалар шу заминда яшаб, ижод этганлар.
Тошкент ҳақидаги илк маълумотлар эрамиздан аввалги II асрга оид шарқий манбаларда учрайди. Хитойлик тарихчилар бу шаҳарни Юни деб атаган, Форс шоҳи Шопур I эрамиздан аввалги 262 йилда битилган “Зардушт Каъбаси” қайдномасида воҳани Чоч дея номлаган:
– Чоч – олтин экспорти, қимматбаҳо тошлар, ширинлик ва асил зотли отлар бошқа шаҳар, мамлакатларга олиб ўтиладиган йўл чорраҳасида жойлашган.
Тошкент денгизга туташмаган ҳудудда жойлашган бўлса-да, мен бу ерда ташриф буюришга арзийдиган жуда кўп ажойиб жиҳатларни кўрдим.
Масалан, XVI-XX асрларда бунёд бўлган Ҳазрати имом тарихий ёдгорлиги кишини тамаддуннинг чуқур илдизига етаклайди. Мажмуа имом Абу Бакр Муҳаммад ибн Али Исмоил Қаффол Аш-Шоший қабри атрофида шаклланган. Қабр,ён-атрофида вужудга келган қабристон ва меъморий мажмуа Ҳазрати имом номи билан аталган. Ислом дини пешвоси, воиз, илоҳиёт олими, шайхул-ислом Эшон Бобохон ҳам шу жойда дафн этилган.
Таркибида сайргоҳ боғ барпо этилиб, айвонлар қурилган, ҳовуз атрофи кўкаламзорлаштирилган мажмуада халқ сайиллари уюштирилган. XIX аср ўрталарида Тошкент намозгоҳи – Тиллашайх масжиди, Мўйи Муборак мадрасаси қад кўтарган. Мўйи Муборакда Усмон мусҳафи – Қуръони каримнинг бугунги кунгача сақланиб қолган энг қадимий қўлёзмаси сақланади. VII асрда ҳижоз хати билан ёзилган қўлёзма 1997 йил UNESCO томонидан “Жаҳон хотираси” рўйхатига киритилган.
Айни пайт Ҳазрати имом мажмуасида Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳам жойлашган.
Тошкентдаги яна бир меъморий ёдгорлик XV-XIX асрларда қад рослаган Шайх Хованди Тоҳур мақбарасидир. Зиёратхонанинг ички девори чуқур равоқли, дарчаларига кошинкори панжара ўрнатилган, хоналари гумбаз билан ёпилган. Гўрхонанинг қўш қаватли гумбази 12 қиррали асосга ўрнатилган.
Агар Тошкентга келсангиз, Мустақиллик майдони, Навоий боғи, Амир Темур майдони ва Телеминорани кўрмай кетманг.
Шахсан менда пойтахтнинг туристик инфратузилмаси, жумладан йўллар ва жуда кўп меҳмонхоналар илиқ таассурот қолдирди.
Ўзбек халқи азалдан табассумли, очиқ чеҳрали, меҳрибон ва меҳмондўст. Кўп миллатли шаҳарда 15 та музей, 3000 кутубхона ҳамиша гавжумлиги билан киши эътиборини тортади.
Ўзбек таомлари алоҳида бир мавзу. Буюк ипак йўли туфайли маҳаллий ошхонанинг Эрон, Хитой ва Арабистон таомларига таъсири яққол сезилади. Асосий миллий таом – палов. Тўғралган гўшт ва хамир – норинни татиб кўришни ҳечам унутманг. Бу заминда оби нон-у патирсиз дастурхонни тасаввур қилолмайсиз. Ўзбек халқи чойни яхши кўради. Ҳар қандай таом билан ёки шунчаки чой истеъмол қилади. Бу манзарани томоша қилиш ҳузур бахш этади.
Келаси сафар Бухоро, Самарқанд ва Хивага боришни ният қилиб, Тошкентдан олам-олам таассурот билан қайтдим.
Али Юсуф Ал-Саад,
ёзувчи, БАА