Маълумки, ҳайвонларнинг инфекцион касалликлари ветеринария хизмати томонидан назорат қилинади. Баъзи ҳайвонларнинг касалликлари ҳар қандай вазиятда пайдо бўлиши мумкин. Айрим ҳолларда бу катта иқтисодий йўқотишларга олиб келади, инсон саломатлигига, чорва моллари ва чорвачилик маҳсулотларининг савдосига салбий таъсир қилади.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО)нинг «Глобал саломатлик хавфсизлиги – Ўзбекистонда ҳайвонлар соғлиғини ҳимоя қилиш, «ягона саломатлик» ва антимикроб резистентлик борасида салоҳиятни ошириш ва зооноз таҳдидларни юмшатиш» лойиҳаси доирасида юртимизда эпидемиологик назорат ва ҳайвонлар саломатлиги учун хавфларни баҳолаш бўйича 5 кунлик ўқув семинар бўлиб ўтди.

Тадбирда ветеринария қўмитаси вакиллари, ҳудудий бошқармалар ходимлари, ҳайвонларни муҳофаза қилиш бўйича мутахассислар, лаборатория ходимлари ва соҳа олимлари иштирок этди.

Ўқув машғулоти ҳайвонлар соғлиғи билан боғлиқ муаммолар муҳокамаси, улардан одамларга юқадиган касалликларга қарши курашиш,  муҳофаза қилиш ва халқаро савдо-сотиқда озиқ-овқат маҳсулотлари, айниқса чорвачилик маҳсулотлари хавфсизлигини таъминлаш каби долзарб масалаларга бағишланди.

Тренинг дастурида юртимизнинг турли вилоятларидан, шу жумладан, Қорақалпоғистондан 30 дан ортиқ ветеринария мутахассислари ва олимлар ҳайвонлар соғлиғи бўйича таҳдидларни аниқлаш  билим ва кўникмаларини олишди. Амалиёт  орқали касалликларни назорат қилиш ва хавфларни баҳолашдаги кўникмаларни мустаҳкамлади.

Йиғилиш Буюк Британиянинг Ҳайвонлар ва ўсимликлар соғлиғи агентлиги консультант эпидемиологи  Гуитиан Хавер томонидан олиб борилди.

ФАОнинг мазкур  лойиҳаси АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) томонидан молиялаштирилди.

Б.Худойбердиев,

ЎзА