Бухоро вилояти ҳокимлиги соғлиқни сақлаш бошқармаси ташаббуси билан Қорақалпоғистон Республикаси Хўжайли туманида тиббий кўрик ўтказилди.
Хўжайли туманида шифокорлар 4 та гуруҳга бўлиниб бирламчи тизимдаги узоқ ҳудудларда жойлашган оилавий поликлиникаларда тиббий кўрик ташкил этди. “Айбек” номидаги 51-оилавий поликлиника, кўп тармоқли марказий поликлиника ҳамда “Таза баз”, “Хатеп” “П.Халмуратов” оилавий шифокорлик пунктларига келган аҳолига тиббий хизмат кўрсатилди.
Аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб этишга қаратилган учрашувлар, спорт тадбирлари ташкил этилди. “Соғлом овқатланиш” дастурлари асосида суҳбат ва кўргазмали мулоқотлар ўтказилди. Ушбу тадбирларга Хўжайли туманида жойлашган “Наврўз” маҳалласи еттилиги ҳам жалб этилди. Тор мутахассислар томонидан туман марказининг кўп тармоқли марказий поликлиникасида чуқурлаштирилган тиббий кўрик ўтказилди.
Вилоятнинг етакчи жарроҳ ва травматологлари томонидан юқори технологик жарроҳлик амалиётлари амалга оширилди.
–Хўжайли туманида 126 мингдан зиёд аҳоли истиқомат қилади, – дейди Бухоро вилояти ҳокимлиги соғлиқни сақлаш бошқармаси бош мутахассиси, Жамоатчилик билан ишлаш шўъбаси раҳбари Маъмурахон Сафоева. –Туманда 63 та тиббий бригада хизмат кўрсатади. Битта кўп тармоқли марказий поликлиника, унинг 3 та филиали ҳам мавжуд. Шунингдек, бирламчи тизимда оилавий поликлиникалар сони 3 та, оилавий шифокорлик пунктлари 5 тани ташкил этади. Аҳоли орасида соғлом турмуш тарзини тарғибот қилиш, скрининг дастурлар асосида уларни тиббий кўрикларга жалб қилиш, шунингдек бу борада тиббиёт ходимларининг билим ва амалий тажрибаларини ошириш мақсадида тарғибот гуруҳи томонидан “Юрак қон томир тизими касалликлари скрининг дастури” ҳамда “Эндокринологик касалликларни олдини олишда тиббиёт ходимларининг ўрни” мавзусида илмий амалий семинар ҳам ташкил этилди.
Бутун дунё бўйлаб жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан 1-7 август кунлари кўкрак сути билан боқиш ҳафталиги эълон қилинган. Шу муносабат билан барча патронаж доялар иштирокида семинар тренинглар ташкил этилди. Кўрик давомида аниқланган касалликларни даволаш бўйича тавсиялар берилди.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири.