“Ташаббусли бюджет” лойиҳаси халқимиз орасида оммалашди. Фуқароларнинг дахлдорлик ҳиссини сезиларли даражада оширди.
Олий Мажлис Сенати кенгашининг қарори билан “Ташаббусли бюджет” жараёнларини ўтказиш ҳамда молиялаштириш тартиби тўғрисида”ги низомга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.
Хўш, янгиланган низомда нималар назарда тутилган? Олий Мажлис Сенатининг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитаси раиси ўринбосари Қобул ТУРСУНОВ билан шу ҳақда суҳбатлашдик.
– Давлатимиз раҳбари таклифига биноан 2019 йилда жорий этилган бу лойиҳа орқали жойларда ҳаёт сифати яхшиланди. Қолаверса, у Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишда самарали воситага айланди, десак, муболаға бўлмайди.
Агар рақамларга эътибор қаратадиган бўлсак, жорий йилнинг биринчи мавсумида аҳоли томонидан илгари сурилган 35 минг 575 лойиҳадан 29 минг 15 таси туман ишчи комиссиялари томонидан овоз бериш жараёнига ўтказилиб, якунларга кўра қиймати 3,3 триллион сўмлик 2 минг 770 та лойиҳа ғолиб бўлди.
Натижада ҳудудларда кўплаб умумтаълим мактаблари, мактабгача таълим ташкилотлари, соғлиқни сақлаш муассасалари таъмирланди ва жиҳозланди, ички йўллар, ёритиш, ичимлик суви ва оқова тизими яхшиланди. Ушбу мақсадлар учун туман (шаҳар) ҳокимликлари ҳузурида ташкил этилган “Фуқаролар ташаббуси” жамғармасига 3,4 триллион сўм йўналтирилган.
Албатта, бу рақамлар ортида ташаббуслари билан ўз ҳамжамиятларидаги инфратузилмавий муаммоларни ҳал этишга, ҳаётини янада қулай ҳамда яхшироқ қилишга эришган фаол фуқаролар турибди.
– Сенат кенгашининг қарори билан “Ташаббусли бюджет” жараёнларини ўтказиш ҳамда молиялаштириш тартиби тўғрисида”ги низомга қандай ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди?
– Низомда мажбурий овоз тўплашга жалб қилиш ҳолатларини бартараф этиш бўйича жиддий чоралар кўрилиши белгиланди.
Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги овоз бериш жараёнларида бюджет ташкилоти ходимларини мажбурий овоз беришга жалб этиш ҳолатларини қайд этиш учун “қайноқ линия” қисқа рақамини ишга туширади.
Бундан кейин “Очиқ бюджет” порталида лойиҳалар ижроси бўйича ўтказилган мониторинг натижалари эълон қилиб борилади. Ҳар ой чорак якуни бўйича тамомланган ва фойдаланишга топширилган лойиҳалар бўйича тежалган маблағлар (кафолат суммаси бундан мустасно) автоматик тарзда Давлат молиясини бошқариш ахборот тизими орқали тегишли туман ёки шаҳар жамғармасига юборилади.
Низомга кўра, босқичларнинг давомийлигига ваколатли орган томонидан ҳар бир мавсумнинг ўзига хослиги ҳамда технологик шартларни инобатга олган ҳолда ўзгартириш киритилиши мумкин.
– “Ташаббусли бюджет”да иштирок этиш учун қандай чекловлар ўрнатилмоқда?
– Амалда фуқаро бир мавсумда фақат битта лойиҳани илгари суриш ҳуқуқига эга. Эндиликда эса барча маҳалла учун ғолиб бўлиш имкониятини яратиш мақсадида ташаббусли бюджет доирасида сўнгги мавсумларда кетма-кет икки маротаба ғолиб деб топилган маҳаллалар (ташкилотлар) учун навбатдаги иккита мавсум доирасида лойиҳа киритиш имконияти чекланади.
Ижтимоий соҳа ташкилотлари бино ва иншоотларини таъмирлаш ёки жиҳозлаш, бунда “Ташаббусли бюджет” жараёнида иштирок этиши рухсат этилган ташкилотлар рўйхати ваколатли орган томонидан ҳар мавсум бошида “Очиқ бюджет” ахборот порталида фуқароларга эълон қилинади.
Жамоавий муаммоларни ҳал этишга қаратилган, хусусан, йўлларни таъмирлаш, хиёбонлар ва болалар майдончаларини барпо этиш, экологияни, ичимлик ва оқова сув таъминотини яхшилаш, кўча чироқларини ўрнатиш рўйхатига қўшимча равишда маҳалла ҳудудини обод қилиш билан боғлиқ тадбирлар ҳам киритилди.
Шу билан бир қаторда, овоз бериш жараёни давомида фуқаролар томонидан лойиҳаларга мажбурий овоз тўплашга жалб этилиши юзасидан шикоятлар келиб тушса, ваколатли орган томонидан мазкур ҳолатга аниқлик киритиш юзасидан тегишли туман ёки шаҳар Халқ депутатлари кенгашига тақдимнома юборилиши, агар ҳолат ўз тасдиғини топса, мажбурий овоз тўпланган лойиҳаларни овоз бериш босқичидан четлатиш ёки ғолиблар рўйхатидан чиқариш ваколатини берувчи қўшимча норма киритилди.
Лойиҳа ғолиб деб топилганидан сўнг кенгаш томонидан мажбурий равишда овоз тўплаган деб ҳисобланиб рад этилса, унга ажратилиши лозим бўлган маблағлар доирасида кейинги ўриндаги лойиҳа ғолиб деб эълон қилинади.
Шунингдек, ғолиб лойиҳалар аниқлангандан сўнг Халқ депутатлари туман (шаҳар) кенгашларига маҳаллий бюджетнинг қўшимча маблағлари ҳисобидан кейинги ўринлардаги лойиҳаларни қўшимча тарзда ғолиб деб эълон қилиш ваколати берилади. Бунда, тегишли Халқ депутатлари туман (шаҳар) кенгашлари жамғармага маблағлар ўтказилгани ҳамда қўшимча ғолибларни аниқлаш юзасидан ваколатли органга овоз бериш жараёни якунланган кундан бошлаб 10 кун ичида мурожаат юбориши лозим.
Жамғарма ҳисобидан лойиҳага ажратиладиган маблағ тегишли мавсум ўтказилган ҳолатга амалда бўлган базавий ҳисоблаш миқдорининг 4 минг баробари (1 миллиард 360 миллион сўм)дан ошиб кетмаслиги лозим. Лойиҳа қиймати ушбу миқдордан ошган ҳолларда қўшимча талаб этиладиган маблағ туман (шаҳар) маҳаллий бюджетининг қўшимча манбалари ҳисобидан тегишли Халқ депутатлари туман (шаҳар) кенгашининг қарорига асосан қоплаб берилиши мумкин.
– Бу жараёнда камчиликлар кузатилганда қаерга мурожаат қилиш керак?
– Низом билан жамоатчилик назорати доирасида фуқаролар лойиҳалар ижросини кузатиб бориш орқали қонунбузилиши ҳолатлари ёки камчиликлар кузатилганида шикоят тарзида портал орқали “Фавқулодда хабар” қолдириши мумкин.
Ушбу хабар порталда тегишли ҳудуд саҳифасида муаммоли ҳолат сифатида акс эттирилади ва ташаббускор томонидан кўрсатиб ўтилган важларга аниқлик киритилиб, хабарда кўрсатилган ҳолат бартараф этилмагунга қадар порталда назоратдан олинмаслиги белгиланди.
Тўлиқ якунланган лойиҳалар ташаббускорлар, маҳалла раиси ва фаолларининг иш сифати юзасидан розилиги олинганидан кейингина фойдаланишга топширилади.
Ушбу ўзгартириш ва қўшимчалар, аввало, аҳоли фаровонлигини таъминлаш ва ҳудудлардаги масалаларни ҳал этишда уларнинг ролини янада оширишга йўл очади. Бюджет маблағларини жамоатчилик фикри асосида шакллантирилган лойиҳаларни молиялаштиришга йўналтиришни таъминлаш ҳамда ташаббусли бюджет жараёнларини янада такомиллаштириш мақсадларига хизмат қилади.
Норгул Абдураимова, ЎзА