Мамлакатимизда чорвачиликни ривожлантириш, хусусан, қўй парваришлаш ва гўшт маҳсулотлари саноатини ривожлантиришга кенг имкониятлар берилган. Бу борада эса соҳанинг хорижий вакиллари билан доимий мулоқотлар ва манфаатли келишувларни ташкил этишга ҳам алоҳида шароитлар яратилган.
Ўзбекистон дипломатлари Буюк Британиянинг Малверн шаҳрида ўтказилган чорвачилик соҳасига бағишланган «NSA Sheep Event» халқаро кўргазмасида иштирок этди, дейилади Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги маълумотида.
Кўргазма ҳар икки йилда бир маротаба «National Sheep Association» – Миллий қўйчилик уюшмаси томонидан ташкил этилади. Кўргазмада қўйларни парваришлаш, касалликлардан даволаш, зотли қўй наслларини яратиш ва бошқа йўналишлар намойиш этилади.
Шунингдек, унда фермерлар учун энг сўнгги янгиликлар ва маҳсулотлар ишлаб чиқаришдаги инновацион ечимлар ҳақида ҳам маълумотлар берилади.
Мулоқот давомида Қишлоқ хўжалиги ва генетика технологиялари ташкилоти ҳузуридаги Агротехнологиялар экспорти жамияти ҳамда «Export Certification Limited» ташкилоти томонидан Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги ва чорвачилик соҳаларида фаолият юритувчи ташкилотлар ходимларининг малакасини ошириш мақсадида онлайн тренинглар ўтказиш таклифи билдирилди.
Британия томони Ўзбекистон фермерлари ва ҳамкор ташкилотларни ҳам «NSA Sheep Event» халқаро кўргазмасида иштирок этишга таклиф қилди.
А.РУСТАМОВ,
ЎзА