Нурота тоғлари этагида жойлашган Ухум қишлоғи бетакрор табиати билан ҳар қандай одамни ўзига мафтун этади. Айниқса, бу томонларга биринчи бор келган киши атрофдаги биологик хилма-хилликдан кўзини узолмай қолади.
Ана шу табиий имкониятлардан фойдаланган Нарзулло Мусаев 2016 йилда икки хонадан иборат уй-меҳмонхона ташкил этиб, сайёҳларга хизмат кўрсатишни йўлга қўйган эди. Натижа ёмон бўлмади. Даромадини бизнес ривожига сарфлаб, 60 ўринли яна 3 та уй-меҳмонхона қурди.
Ҳозир Нарзулло Мусаевнинг “NURATAU-XIKING” оилавий корхонасида 4 киши доимий иш билан таъминланган. Ҳудудга меҳмонлар оқими келиши ортган мавсумда қўни-қўшни ва қариндошлар хизматидан ҳам фойдаланилади. Бу мавсумда қўшимча иш ўрни яратилади, деганидир.
– Ўтган йили 700 га яқин сайёҳга хизмат кўрсатдик, – дейди тадбиркор. – Меҳмонлар дунёнинг турли давлатларидан келади, лекин улар орасида францияликларнинг салмоғи кўпроқ. Сайёҳларни нафақат табиат, балки халқимизнинг урф-одат ва анъаналари, турмуш тарзи ҳам қизиқтиради. Шунинг учун меҳмонхонамизнинг жиҳозланиши, таом тайёрлаш, хизмат кўрсатишда сайёҳларга миллийлигимизни намойиш этишга алоҳида эътибор қаратамиз.
Жиззах шаҳридан 150, Фориш тумани марказидан 50 километр узоқда жойлашган қишлоққа Европадан, хусусан, Франциядан сайёҳ жалб қилиш осон эмас. Меҳмонларнинг мароқли ва мазмунли дам олиши учун яхши шароит, сифатли хизмат кўрсатиш тўғри йўлга қўйилгани тадбиркорнинг галдаги режалари юқори бўлишини таъминламоқда.
Тадбиркор эришилаётган натижалар билан қаноатланиб қолаётгани йўқ. Банкдан кредит олиб, фаолиятини яна кенгайтириш ниятида. Яна бир жиҳати, туризм йўналишида эълон қилинаётган янги-янги қўлланмалар билан доимий танишиб боради. Инглиз ва рус тилларида бемалол сўзлаша олса-да, ўз устида ишлашни канда қилмайди. Фарзандларининг, меҳмонхонада ишлаётган ходимларнинг ҳам тил ўрганишини рағбатлантириб боради.
Фориш туманининг чекка қишлоғида экотуризмни ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган ишлар вилоятда ушбу соҳанинг имкониятлари катта эканини кўрсатиб турибди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 17 майдаги “2017-2019 йилларда Жиззах вилоятининг туризм салоҳиятини жадал ривожлантириш чора-тадбирлари” дастурида вилоятда туризмни ривожлантиришга қаратилган 48 лойиҳани амалга ошириш белгиланган. Бироқ, ҳозирги кунгача уларнинг 22 таси амалга оширилганини етарли, деб бўлмайди.
Айниқса, вилоятнинг марказий қисмида, халқаро автомагистрал яқинида сайёҳлик инфратузилмасини барпо этиш борасида олиб борилаётган ишлар талаб даражасида эмас. Масалан, Самарқанд, Бухоро, Хоразм, Нукус шаҳарлари, умуман, юртимизнинг жанубий ҳудудларига ўтаётган сайёҳлар йўлидаги муҳим бекат –Илонўтти дарасидаги Амир Темур дарвозаси, Темур ғори атрофини ободонлаштириш ишлари пайсалга солиб келинмоқда.
Ҳудудда тадбиркор Нулуфар Абдураимова томонидан қурилаётган меҳмонхона ва дам олиш маскани мажмуасида иш суст бораётир. Умумий қиймати 1 миллиард 700 миллион сўмлик бўлган ишнинг 1 миллиард сўмлик қисмини тадбиркор ўз ҳисобидан бажарди. Лойиҳани тўлиқ ишга тушириш учун кўзда тутилган 700 миллион сўм банк кредити эса ҳамон ажратилгани йўқ.
Энг кўп сайёҳлик ҳудуди бўлган Зомин туманининг Ҳулкар қишлоғида “Сеҳрли қармоқ” сайёҳлик зонасини барпо этиш лойиҳасини амалга оширишда ҳам шундай сусткашликни кўриш мумкин. Тадбиркорда тегишли ҳужжатлар, етарли маблағ бўлишига қарамай, иншоотни қуриш учун ер участкаси ажратиш пайсалга солинмоқда.
Бу сусткашлик фақат ушбу туристик иншоотларгагина хос эмас. Биргина Зомин туманининг ўзида турли баҳоналар билан 8 туристик лойиҳани амалга ошириш бошланмай турибди.
– Ҳақиқатан ҳам, ҳудудимиздаги туристик имкониятдан тўлиқ фойдаланиляпти, деб бўлмайди, – дейди Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси Жиззах вилояти ҳудудий бошқармаси бошлиғи вазифасини бажарувчи С.Қорабоев. – Туристик манзилларнинг бир-биридан узоқлиги, йўлларнинг талаб даражасида эмаслиги, телефон, интернет, коммуникация тизимларидаги камчиликларни бунга сабаб қилиб келтириш мумкин. Соҳада тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш борасидаги эътиборсизлик ҳам жиддий сабаблардан бири. Айни пайтда бу камчиликларни тезроқ бартараф этиш бўйича маҳаллий ҳокимликлар билан биргаликда зарур чора-тадбирлар кўрилмоқда.
Эндигина ташкил этилган туризмни ривожлантириш вилоят ҳудудий бошқармаси барча муаммони ҳал этишга қодир эмаслиги маълум. Ҳудуддаги туризмнинг бугунги аҳволи эса, соҳада тезроқ туб бурилиш ясашни тақозо этмоқда. Туб бурилиш қилиш учун шаҳар, туман ҳокимлари, ҳудудий сектор раҳбарлари туризмга муносабатни, туризмни ривожлантиришга қарашларини ҳам тубдан ўзгартириши керак.
Тошқул БЕКНАЗАРОВ, ЎзА ЎзА фотомухбири Жамшид ЁРБЕКОВ олган суратлар