Мажбурий ижро бюроси Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси томонидан мавжуд бўш иш ўринлари учун номзодлар ўртасида танлов ташкил этилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 3 январдаги “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тизимини ислоҳ этиш ва соҳани рақамлаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонига асосан, Бюрони ривожлантириш жамғармаси ҳисобидан молиялаштириладиган вояга етмаганлар манфаатларини ҳимоя қилиш билан шуғулланувчи қўшимча 230 та штат бирлиги ажратилди. Шундан 20 таси Бюронинг Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси ва унинг ҳудудий бўлимларига ажратилган бўлиб, уларнинг 18 таси давлат ижрочиси ҳамда 2 таси ҳудудий бошқарма ходими штат бирлиги ҳисобланади.
Ушбу бўш иш ўринларини тўлдириш мақсадида жорий йилнинг март ойидан бошлаб Мажбурий ижро бюроси Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси томонидан танлов ташкил этилди. Очиқлик ҳамда ошкоралик тамойиллари асосида ўтказилган танловда комиссия аъзолари ҳар бир номзодни якка тартибда қабул қилиб, уларнинг билим даражасини тегишли мезон асосида баҳолади. Номзодлар орасидан энг муносиблари танлаб олинади.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири