Сўнгги йилларда мамлакатимизда Олимпия ўйинлари дастуридан жой олган спорт турлари, жумладан таэквондо WT бўйича бир қатор нуфузли мусобақалар ўтказилмоқда. Мусобақалар юқори савияда ташкил этилаётгани Бутунжаҳон таэквондо WT федерацияси томонидан эътироф этилмоқда.

Жорий йилнинг 17-21 апрель кунлари Андижон шаҳридаги Андижон Олимпия ва Паралимпия спорт турларига тайёрлаш марказида таэквондо WТ бўйича болалар, ўсмирлар, ёшлар ва катталар ўртасида «Andijan Open» халқаро турнири ўтказилади.

Мазкур мусобақада вакилларимиздан ташқари Жанубий Корея, Россия, Тожикистон, Қозоғистон, Туркия, Ҳиндистон, Қирғизистон, Непал ва Озарбайжон мамлакатидан иқтидорли таэквондочилар иштирок этади.

Ўзбекистон таэквондо WT ассоциацияси томонидан мазкур мусобақани юқори савияда ташкил этиш борасида бир қатор ишлар олиб борилмоқда. Ассоциация мутасаддилари мусобақа ўтадиган марказда спортчи ва мухлислар учун қулай имкониятлар яратиш, спортчиларни баҳолаш тизими шаффоф ва ҳалол бўлишини таъминлаш, мартабали меҳмонларни кутиб олиш ҳамда уларни меҳмонхоналарга жойлаш каби бир қатор ташкилий масалалар бўйича ўрганишлар олиб бормоқда.

 

Жавоҳир Тошхўжаев,  

ЎзА