Италияда ўтаётган “Париж-2024” Олимпия ўйинларининг бокс беллашувлари учун йўлланма берувчи I Жаҳон квалификацион турнирида навбатдаги кун ҳам Ўзбекистон терма жамоаси вакиллари учун муваффақиятли якунланди.
Унда вазни 60 килограммгача бўлган Райҳона Қодирова испаниялик Шеила Мартинес Перезни, 63,5 килограммгача вазнда Руслан Абдуллаев ҳиндистонлик Шива Тапани ва 71 килограммгача вазн тоифасида Асадхўжа Мўйдинхўжаев жазоирлик Ислам Ячи Юсуфни мағлубиятга учратди.
Маълумот учун, 11 март кунига қадар давом этадиган мусобақанинг бугунги беллашувларида икки нафар чарм қўлқоп устамиз иштирок этади. Аниқроғи, вазни 75 килограммгача бўлган Азиза Зокирова Олимпия ўйинлари йўлланмаси учун ўтадиган илк баҳсда Баисон Маниконга (Таиланд) қарши беллашади. Шунингдек,
Райҳона Қодирова -60 кг вазнда иккинчи жангини германиялик Мариа Ганглбауерга қарши ўтказади.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА