Россия Федерациясининг Қозон шаҳрида илк бор “Келажак ўйинлари” мусобақалари бўлиб ўтмоқда.
Айтиш лозим, мазкур спорт ўйинлари жисмоний ҳаракат ва киберспортни бирлаштиради. Ғолиб спортчилар жамоаси ҳар икки дастурдаги натижалар асосида аниқланади.
Қозон шаҳрида бошланган “Келажак ўйинлари” баҳслари 21 та инновацион йўналиш бўйича ўтказилиб, уларнинг 16 таси асосий ва 5 таси кенгайтирилган дастурни қамраб олади.
Мамлакатимиз спортчилари “Келажак ўйинлари”да виртуал велоспорт, спорт дастурлаши, фижитал-хоккей ва фижитал-пойга йўналишларида ғолиблик учун кураш олиб боради.
Ўзбекистонлик спортчилар ўйинларнинг илк кунида фижитал-хоккей баҳсларида ўз омадини синаб кўрди.
“Феникс” номи билан қатнашган хоккейчиларимиз “Интер” клуби билан беллашди. Қарама-қаршилик аввал компютер ўйинидаги рақобатдан бошланди. Унда ҳамюртларимиз 3:0 ҳисобида устун келди. Шундан сўнг томонлар муз майдонида беллашди. Унда ҳам спортчиларимизнинг қўли баланд келди – 5:2. Умумий ҳисоб эса 8:2 кўринишига келди. Шу тариқа, хоккейчиларимиз “Келажак ўйинлари”даги гуруҳ босқичини ғалаба билан бошлади.
Жисмоний ва рақамли мусобақаларни бирлаштирган янги форматда уюштирилаётган “Келажак ўйинлари”нинг тантанали очилиш маросими 21 февраль куни бўлиб ўтади.
Ўйинлар 3 мартга қадар давом этади.
Тўлқин Рўзиев, ЎзА