Жорий йил феврал ойининг илк кунларида давлатимиз раҳбари раислигида ўтказилган ижтимоий соҳадаги устувор вазифаларга бағишланган йиғилишда мамлакатимизнинг чекка-чекка ҳудудларида спортни оммалаштириш, маҳаллаларни футбол, волейбол, баскетбол, бадминтон, стол тенниси каби спортнинг 12 та оммавий туридан бирига ихтисослаштириш, ҳар ойда оммавий спорт тадбирларини ташкил қилиш муҳимлиги таъкидланганди.
Оммавий спортни ривожлантиришда замонавий спорт мажмуалари, спорт майдончалари, зарур жиҳозлар муҳим аҳамият касб этади. Шу маънода Президентимиз томонидан имзоланган “2024 — 2026 йилларда Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида Қорақалпоғистон Республикаси ва ҳудудларда мавжуд спорт иншоотларини реконструкция қилиш, уларнинг моддий- техника базасини яхшилаш бўйича аниқ вазифалар белгиланганди.
Қарорда келтирилганидек, “Ўзбекистон — 2030» стратегиясидаги вазифаларни ҳаётга татбиқ этиш, ҳудудларда, айниқса маҳаллаларда ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини янада ривожлантириш, шунингдек, аҳолининг турмуш даражасини ошириш устувор вазифа сифатида қайд этилган бўлиб, жойларда спорт муҳитини вужудга келтириш айни мақсадларга эришишда муҳимдир.
Мазкур ишларни жонлантириш, мавжуд инфратузилма ҳолати билан танишиш мақсадида Спорт вазирлиги ва тегишли ташкилотларнинг мутахассислари ҳудудларда ўрганиш ишларини олиб бормоқда.
Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси масъул ходими Комил Боязитов ва Спорт вазири ўринбосари Шахрулло Маҳмудов етакчилигидаги мутахассислар шу кунларда Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида Президентнинг «2024 — 2026 йилларда Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қароридаги вазифаларнинг ижросини таҳлил этиб, спорт мажмуаларида шуғулланаётган ёшлар ва «Париж-2024» Олимпия ўйинларида иштирок этишга номзод спортчилар билан суҳбатлашди.
Олимпия ва миллий спорт турлари бўйича Нукус олий спорт маҳорати мактаби, Республика сув спорти турлари бўйича ихтисослаштирилган спорт мактаби, Республика яккакураш турларига ихтисослаштирилган спорт мактаби ва Нукус Олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш марказининг мураббийлари, мутахассис ва мутасаддилари билан ўтказилган мулоқотлар давомида маҳоратли спортчиларни танлаш, маҳаллаларнинг спорт турларига ихтисослашув ҳолати, “сектор – туман – вилоят – республика” даражаларида оммавий спорт мусобақаларини ўтказиш асносида “спорт мактаблари – спорт коллежлари – спорт федерациялари – олий маҳорат мактаблари” занжири асосида доимий спорт билан шуғулланувчилар сонини ошириш борасидаги мавжуд муаммолар юзасидан фикр алмашилди.
Ёшларни оммавий спорт мусобақаларига жалб этишда янгича ёндашувни татбиқ этиш, уларни муносиб рағбатлантириш механизмларини ишлаб чиқиш кераклиги таъкидланди. Жойлардаги мутасадди ва мутахассисларга аниқ тавсия ва таклифлар билдирилди.
Т. Рўзиев, ЎзА мухбири