Бугун, 15 февраль куни пара дзюдо бўйича 17 нафар спортчидан иборат Ўзбекистон миллий терма жамоаси аъзолари Германиянинг Гейдельберг шаҳрида ўтадиган IBSA Гран-при мусобақасида иштирок этиш учун жўнаб кетди.
«Париж-2024» Паралимпия ўйинларининг илк рейтинг очколарини тақдим этадиган мазкур нуфузли мусобақада 46 та мамлакатнинг 250 нафардан зиёд пара дзюдочилари қатори мамлакатимиз вакиллари ҳам иштирок этишади.
Халқаро дзюдо федерацияси маълумотига кўра, мазкур турнирда 8 нафар Паралимпия ўйинлари ғолиблари, 13 нафар пара дзюдо бўйича жаҳон чемпионлигига эришган спортчилар иштирок этиш учун рўйхатдан ўтган.
Ўзбекистон Миллий паралимпия қўмитаси ахборотига кўра, мазкур беллашувларда Шерзод Намозов, Феруз Саидов, Учқун Қуранбоев каби матонатли пара дзюдочиларимиз ҳам иштирок этишади.
Мусобақалар 16-18 февраль кунлари бўлиб ўтади.
Т.Рўзиев, ЎзА